Ссылки доступа

Тожикистон қамоқхоналаридан 500 дан зиёд маҳбус озодликка чиққан


Сўнги икки кун давомида, Нурекдаги аёллар қамоқхонаси ва Явандаги ҳибсхонадан 500 дан ортиқ маҳбус озодликка чиқарилган. Жазони ижро этиш бошқармаси раҳбариятининг айтишича улар ўз оилаларига қайтишган.

Тожикистон Адлия Вазирлигининг жиноий жазоларни ижро этиш бошқармасидаги манбаънинг айтишича “амнистия асосида кеча Нурекдаги аёллар қамоқхонасидан қарийб 130 киши, Явандаги хибсхонадан эса 400 дан зиёд маҳбуслар озод этилган. Шунинг билан бирга, вояга етмаганлар колониясидан ҳам маълум миқдордаги маҳбуслар қўйиб юборилган”.

Амнистия тўғрисидаги қонун Тожикистон президенти томонидан мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан парламентга тақдим этилган эди, ва ушбу қонун халқ ноиблари томонидан ўтган ҳафта маъқулланган. Қонунга биноан, 12000 дан ортиқ одамларнинг қилган жиноятлари кечирилади, ва 3000 дан зиёд маҳбус озодликка чиқарилади.

Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмоннинг аввалроқ айтишича “қотиллик қилган, конституцион тузумга ва давлат хавфсизлигига қарши жиноятлар қилган, ҳамда терроризм ва экстремизм айбловлари билан қамалган маҳбуслар авф этилмайди”.
Бош прокурорга кўра амнистия тўғрисидаги қонун хорижда яшаб қидирувда бўлган, лекин оғир жиноят содир этмаган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.

XS
SM
MD
LG