Ссылки доступа

Атамбаев: Путин “Ата-Бейит”даги 1916 йилги воқеалар қурбонларига аталган хотира ёдгорлигига ташриф буюради


Россия президенти Владимир Путин “Ата-Бейит”даги 1916 йилдаги фожеали воқеаларнинг қурбонларига бағишланган хотира ёдгорлигига боришни режалаштирган. Бу тўғрисида “Уркуну” ёдгорлигининг очилишида президент Алмазбек Атамбаев хабар қилди.

Унинг гапларига қараганда, Россия президенти шу йилнинг 15-16 сентябр кунлари Бишкекда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари раҳбарларининг юбилей саммитида иштирок этиш учун Қирғизистонга учиб келади.

Эслатиб ўтамиз, 1916 йилда қирғиз халқининг чор мустабид ҳокимиятига қарши қўзғолони бошланган. Халқ ғазабини қўзғатишга 1916 йилнинг 25 июнида чиққан подшонинг Туркистоннинг 19 дан 43 гача бўлган эркак аҳолисини ҳарбий-фронт орқаси ишларига мобилизация қилиш тўғрисидаги фармони баҳона бўлди.

Исён чор ҳукуматининг жазо отрядлари томонидан ваҳшийларча бостирилган. Чуй, Иссиқ кўл ва Норин вилоятларида истиқомат қилган қирғизлар қўшни Хитойга қочиб кетишга мажбур бўлишган. Тарихчиларнинг гапига қараганда, бу вилоятлардаги аҳоли 40% га камайган.

Совет ҳокимияти йилларида ушбу мавзу таъқиқ остига олинган эди, шунинг учун 1916 йил воқеаларига тегишли тарихий баҳо берилмаган эди.

XS
SM
MD
LG