Ссылки доступа

Интерпол Ғофур Рахимовни қидирилаётганлар рўйхатидан чиқариб ташлади


Таниқли ўзбек тадбиркори Ғофур Рахимовнинг номи 15 сентябрда Ўзбекистондаги Интерпол ваколатхонасининг қидирув тасмасидан чиқариб ташланди. 2012 йилда АҚШ молия вазирлиги уни ташкиллаштирилган жиноий гуруҳ аъзолари бўлган шахсларнинг санкцион рўйхатига киритган эди. 65 яшар Ғофур Рахимов ҳалигача ушбу рўйхатда турибди.

«Собиқ совет давлатларидан келиб чиққанлардан иборат бўлган “Братский круг” жиноий ташкилотининг асосий шахси бўлиб ҳисобланадиган Ғофур Рахимов Ўзбекистон жиноят оламининг энг ёрқин раҳбарларидан бири бўлгани ҳолда Марказий Осиё давлатларида гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Рахимов героин контрабандаси билан боғлиқ бўлган йирик жаҳон гиёҳвандлик синдикати операцияларида иштирок этмоқда», – дейилади АҚШ молия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган ҳужжат матнида.

Ҳужжатда таъкидланишича, Ғофур Рахимовда иккита ҳар хил шахсга берилган Ўзбекистон фуқаросининг паспортлари мавжуд. Хабар қилинадики, АҚШ томонидан санкцияларга учраган «Братский круг» раҳбарлари , хусусан Ғофур Рахимов, ҳозирги вақтда Дубайда яшаб келмоқда.

«Братский круг» нинг бошқа аъзоларидан фарқ қилган ҳолда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ана шу мамлакатнинг фуқароси бўлган Ғофур Рахимовга нисбатан расмий ёки норасмий айблов тақдим этилганлиги тўғрисида ҳеч қандай ахборот йўқ.

Баъзи манбаларга кўра, 2012 йилдаги тахмин қилинишича Ғофур Рахимовга тегишли бўлган бизнес-тузилмалардаги бир нечта жиддий тафтишлардан кейин у ўз ҳоҳишига кўра Бирлашган Араб Амирликларига кўчиб кетишга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG