Ссылки доступа

Мажбуран пахта теришга чиққан Ўзбек аёли хомиласидан айрилди


Жиззах вилояти, Зарбдор туманининг "Мустақиллик" маҳалласида яшовчи 28-ёшли Дилором Жўраева 6 ойлик хомиласидан айрилиб қолди. Махаллий ахолининг айтишича уни маҳалла фаоллари пахта теришга мажбур қилишган.

Зарбдорликлардан бирининг айтишича, маҳалла фуқаролар йиғини раиси хомиладор аёлни пахта теришга чиқишга мажбур қилган. «Акс холда бола туғилгандан кейин бериладиган нафақа пулини бермаймиз, деб пўписа қилган. Камига уни уйига милиция ходимини ҳам жўнатган. Қўрқиб кетган аёл пахта теримининг биринчи кунидаёқ хомиласидан айрилган. Ҳали ҳам ўзимга келолмайман, сабаби бўлаётган воқеани ўз кўзим билан кўрдим. Маҳалла раиси ва туман милицияси ходими жиноий жавобгарликка тортилиши керак», – деди воқеа гувоҳи.

Маҳаллийларнинг гапларига қараганда, жабрланувчининг исми Дилором Жўраева. Хабарларда айтилишича ваколат берилган ташкилот вакиллари уйма-уй юриб, одамларни пахта теримига чиқишларини талаб қилишган. «Ҳар бир оиладан камида бир киши чиқиши керак пахта теришга, бу буйруқ "юқоридан" унга ҳамма амал қилиши керак, деди улар», - дейди ахоли.

Маҳалла оқсоқоли Латиповга кўра, бўлиб ўтган воқеанинг барчасида Жўраеванинг ўзи ва унинг оила аъзолари сабабчи. «Унинг уйида эри ва икки акаси ишсиз ўтирипти. Биз уларникига пахта терим кампанияси бошланганини айтиш учун бордик, оз-моз пул ишлаб олинглар дедик. Шундан сўнг келин бўлмиш Дилором далага чиқиш истагини билдириб, тоза ҳавода ҳам бироз бўлиб келаман, деди. Уни пахта теришга чиқишга ҳеч ким мажбур қилгани йўқ», – деди у.

Бироқ, «Мустақиллик» маҳалласидагиларнинг айтишича, туман раҳбарияти 28-ёшли Дилором Жўраеванинг оиласини келиб кўриб кетгандан сўнг, ҳукумат вакилларига бўлган даъволаридан қайтишган. Жиззах вилояти, Зарбдор туманидан олинган хабарларга кўра, Дилором Жўраева билан бўлиб ўтган воқеадвн сўнг, туман ҳокимияти хомиладор аёлларни пахта теришга олиб чиқишни тўхтатишган, хомила хатто 1-2 ойлик бўлса ҳам.

XS
SM
MD
LG