Ссылки доступа

Хитой Тожик-Афғон чегарасида тўртта чегара пости қуриб беради


Тожикистон ҳукумати янги келишув лойиҳасини тасдиқлади. Унга кўра Хитой Тожик-Афғон чегарасида тўртта чегара постлари ва битта ҳарбий марказ қуриб беради. Хитой томони бу иншоотларни грант маблағлар ҳисобидан қуриб бериш мажбуриятини олган.

Бундан ташқари Хитой Тожик чегарачилари учун маъмурий ва хизмат учун бинолар, ётоқхоналар, машғулотлар майдончалари ва бошқа қўшимча объектларни қуриб, жиҳозлаб беради. Келишувга биноан, бу иншоотлар қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун Хитой ўз муҳандисларини жалб этади.

Ўз навбатида, Тожикистон ушбу биноларни қуриш учун жой ажратади ва чегара ҳудудларида Хитойлик мутахассислар хавфсизлигини таъминлайди. Хитой томони қурилиш билан боғлиқ ҳар қандай солиқ ва божхона тўловларидан озод этилган.

Ҳозирда Хитой Тожикистон иқтисодидаги асосий инвесторлардан бири ҳисобланади. Душанбенинг Пекиндан қарзи аллақачон бир миллиарддан ошиб кетган, бу эса Тожикистоннинг хорижий қарзларининг деярли ярми дегани. Бу кредитлар асосан инфраструктураларни яхшилашга, йўллар ва тунеллар қуришга сарфланмоқда.

Бундан ташқари, Пекин Душанбега 2018 йил охиригача $6 млрддан зиёд маблағ ажратишини айтган. Бунинг ярми Марказий Осиё - Хитой газ қувурининг Тожикистондан ўтувчи 400 километрлик қисмини қуришга ишлатилади.

XS
SM
MD
LG