Ссылки доступа

Ўзбекистонда имомлар диндорларни пахта теримига чиқишга даъват қилишди


Ўзбекистондаги пахта кампанияси энг авжига чиққан ҳозирги пайтда баъзи масжидларнинг имомлари жума намоз вақтида диндорларни пахта йиғим-теримига чиқишга даъват қилишди.

Айрим имомлар ҳаттоки ҳар бир мусулмон учун пахта йиғим-терими фарз деган фатво чиқаришди. Шу билан бирга мамлакатнинг кўпчилик масжидларида диндорлардан пахта йиғим-терими учун пул йиғиб олишмоқда.

Тошкентдаги «Ҳазрати Али» масжидининг руҳонийларидан бири ушбу ахборотни тасдиқлади. Унинг гапига қараганда, пахта йиғим-теримига чиқиш тўғрисидаги имомларнинг оғзаки даъвати Ўзбекистон мусулмонлари диний Бошқармаси кўрсатмасига кўра қилинган.

Ўзбекистон турли ҳудудларининг аҳолиси ўтган жума куни мамлакатнинг бошқа масжидларида ҳам шунга ўхшаш даъватлар янграганлигини хабар қилди. Бундан ташқари баъзи қишлоқ масжидлар имомларининг ўзлари пахта териш учун далага чиқишган.

Халқаро ташкилотлар расмий Тошкентнинг ўз фуқароларини пахта йиғим-теримига ва бошқа оғир дала ишларини бажаришга мажбурлаши борасидаги ушбу ҳаракатларини танқид қилаётганлигига бир неча йил бўлди. Ўзида бир нечта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларни бирлаштирган Cotton Campaign доимо Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатни қўлламасликка даъват қилади.

XS
SM
MD
LG