Ссылки доступа

Қирғизистонда Конституцияни ўзгартиришга қарши имзо тўплаш бошланди


«Референдумга – йўқ!» мухолифат харакати Конституцияга ўзгартишлар киритишга қарши ва парламентни тарқатиб юборишни талаб қилиб имзо тўплашни бошлаган.

Харакат раиси, саноқ палатасининг собиқ раҳбари Эльмира Ибраимовага кўра, Конституцияга киритилиши кўзда тутилган ўзгаришлар инсон ҳуқуқлари нуқтаи назардан, гендер тенглилик ва антикоррупцион экспертизаларидан ўтмаган. «Референдумни тезроқ ўтказиш тарафдорларининг очиқчасига тан олиб айтишларича, улар юқоридан берилган "график" бўйича иш олиб боришяпти. Депутатлар қонун ва регламентни бузишяпти ва фуқаролар фикрини инобатга олишмаяпти. Буларнинг барчаси парламент қонунийлигини шубҳа остига қўяди», - деди у.

Харакат аъзолари 40 кун давомида имзо тўплашларини ва дастлабки натижалар мухолифатнинг 8 октябр куни бўладиган қурултойида эълон қилинишини айтган. Шундай йўл билан улар референдум ўтказиш фикридан қайтаришга эришишмоқчи. Бироқ, бу тадбирни ўтказиш услуби ва тўпланиши керак бўлган имзолар сони ҳақида ҳаракат аъзолари бирор нарса айтмаяпти.

Мухолифатнинг норозилик намойишларига қарамасдан, ҳукумат оммавий овоз беришга тайёргарликни давом эттиряпти. Душанба куни референдумни 4 декабрга белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга келиб тушган. Унга асосан ҳукумат ва Марказий Сайлов Комиссиясига овоз беришга тайёргарликларни бошлаш топширилган.

Турли маълумотларга қараганда, ҳукумат референдумни маҳаллий кенгашларга сайлов билан бирга ўтказмоқчи. Лекин махаллий кенгашларга сайлов кунини Марказий Сайлов Комиссияси хали белгиламаган.

XS
SM
MD
LG