Ссылки доступа

Қозоғистонда Алия Назарбоевани йиғлатган филм суратга олинди


Қозоғистон президентининг қизи Алия Назарбоева продюсерлигида суратга олинган "Онага элтувчи йўл" бадиий филми 29 сентябрдан кенг форматли экранларга чиқади. Муаллифлар уни патриотик филм дейишмоқда. Филмга қанча маблағ сарфлангани расман маълум эмас.

Тимур Жаксылыков сценарийси асосида режиссер Акан Сатаев томонидан суратга олинган "Онага элтувчи йўл" филм премьераси унинг прокатга чиқишидан икки кун олдин Олмаотада муваффақиятли ўтган. Филмнинг жаҳон премьераси ўтган ёзда Москвадаги халқаро кинофестивалда бўлиб ўтган.

Режиссер Акан Сатаевга кўра, давлатнинг молиявий ёрдамисиз Қозоғистонда бундай тарихий асарни яратиш мушкул. Бош продюсер Алия Назарбоева бунда асосий ролни бажарди. Уруш саҳналари филмнинг бюджети яхшилигидан далолат беради. Днепрдан жанг билан ўтиш саҳнасида, масалан, 500 дан ортиқ одам оммавий кўринишда ва 300 дан зиёд қурол турлари ишлатилган. Суратга олиш жараёнлари Қозоғистон, Беларус ва Озарбайжонда бўлди.​

Филмнинг асосий ғояси узоқ йиллар айрилиқдан сўнг она билан ўғилнинг бирга бўлишга интилишидир. Воқеалар жараёни машҳур тарихий жараёнлар— коллективлаштириш, Сталин даври репрессиялари, иккинчи жаҳон уруши, фронт ортидаги машаққатли ҳаёт ва меҳнат, Сталин лагерлари - билан бирга кечади. Бош қаҳрамонлар Илёс, унинг онаси Марям ва унинг ўгай қизи Умит қайсидир маънода буларнинг ҳаммасидан ўтишади.

Март ойидаёқ Қозоғистон президенти Нурсултан Назарбоев филмни ижобий баҳолаган ва бу ҳақда ОАВ хабар беришган. Филмнинг бош продюсери Алия Назарбоева ҳам натижадан мамнун. «Уни қанча кўрсам шунча йиғлайман», - деди у.

XS
SM
MD
LG