Ссылки доступа

ОПЕК ноябрдан нефт қазиб олиш хажмини камайтиради


Нефтни экспорт қилувчи давлатлар - ОПЕК - ноябр ойидан бошлаб бу хом ашёни қазиб олишни чеклашини маълум қилиши билан дунёда қайта ишланмаган нефт баҳоси кўтарилиб кетди.

2008 йилдан бери биринчи марта Жазоирда бўлиб ўтган норасмий учрашувда ОПЕК га аъзо давлатлар нефт ишлаб чиқариш хажмини бироз камайтириш - кунига тахминан 700 минг баррелга - борасида келишиб олдилар. Шу йўл билан ОПЕК ўтган йилги нормага тушиб олади.

Ташкилот вакилларининг хабарига кўра, нефт картели 30 ноябрда Венада бўладиган учрашувда ҳар бир мамлакат учун ишлаб чиқариш хажмини келишиб олади. ОПЕК жаҳон бозоридаги аҳволни яхшилаш мақсадида бошқа экспорт қилувчи мамлакатлардан ҳам ёрдам кутади..

2014 ўрталаридан бошлаб хом ашёнинг нарҳи икки баробар кўпроқ пасайиб кетган. ОПЕК га аъзо давлатларнинг ўзаро келишуви ҳақидаги хабар тарқалиши билан бозорга жон кирди ва нарҳлар беш фоиздан ортиқроққа кўтарилиб кетган. Аввалроқ Жазоир энергетика вазири нефтни қайта ишлаш муаммоси билан жиддий шуғулланиб, бозорни барқарорлаштиришга инвестиция қилиш зарурлигини айтган эди.

14 мамлакатдан иборат картел нефт экспортининг 40 фоизини назорат қилади. Лекин асосий ишлаб чиқарувчилар, жумладан Россия, бунга аъзо эмас. Дунё бозорида нарҳларнинг тушиб кетишига сабаблардан бири АҚШдаги - "сланец революцияси" яъни ёнувчи сланецдан нефт олиш технологиясининг ишлаб чиқилишидир.

XS
SM
MD
LG