Ссылки доступа

Бишкек ЕХҲТ нинг Қирғизистондаги статусини ўзгартирди


Қирғизистон ЕХҲТ нинг мамлакатдаги статусини ўзгартиришга қарор қилган. Бу маълумотни ЕХҲТнинг Бишкекдаги маркази тасдиқлаган.

Қирғизистон ТИВ ЕХҲТнинг статуси ва мандатини ўзгартириш ҳақида нота жўнатиб, ЕХҲТнинг Бишкекдаги Маркази 2017 йил 1 январдан бошлаб ЕХҲТнинг Дастурлар офисига айлантирилишини айтган.

ТИВ нотасида айтилишича, ушбу тадбир «ҚР ва ЕХҲТ ўртасидаги ўзаро ҳамфикрлик ва яқин ҳамкорликка асосланган алоқаларни янада мукаммаллаштиришга, ҳамда бу ташкилотнинг мамлакатдаги фаолиятлари самарадорлигини янада оширишга қаратилган».

Тегишли қарор лойиҳаси яқин кунлар ичида Қирғизистоннинг Венадаги делегацияси томонидан амалдаги ЕХҲТ раисига топширилади. Ҳозирча бу икки статус ўртасидаги фарқ тушунарли эмас.

Эслатиб ўтамиз, 20 сентябр 2016 йили ЕХҲТнинг Варшавадаги йиллик анжуманида, Қирғизистонда сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган Қодиржон Ботиров сўзга чиқиб, Қирғизистон Конституциясига ўзгартиришлар киритишга қарши чиққан ва Қирғизистон ҳукуматининг бу борадаги ишларидан норози эканлигини айтган эди. Қирғизистон ТИВ бунга эътироз билдириб, Ботировни ЕХҲТнинг барча йиғинларида қатнишишини ман қилишни талаб қилган. Қирғизистон яна қўшиб қўйдики, Ботиров ўз ватанида сиртдан қамоққа ҳукм қилинган ва қидирувда.

XS
SM
MD
LG