Ссылки доступа

Россия хавфсизлик хизмати ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевни ҳибсга олди


29 сентябр куни эрталаб Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати ходимлари «Ёрдам» ташкилотининг раҳбари, «Мемориал» ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг фаоли Баҳром Ҳамроевни ўз уйидан олиб чиқиб кетишди. Бу тўғрисида ҳуқуқ ҳимоячисининг рафиқаси хабар қилган.

«Мемориал» ва «Гражданское содействие» махсус хизматдан Ҳамроевнинг ушлаб олиш сабаблари тўғрисида ахборот беришни талаб қилмоқда. 30 сентябр куни эрталаб маълум бўлишича, ФХХ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи Баҳром Ҳамроевни қўйиб юборган. Бироқ, Москвадаги манбалар маълум қилишича, Россия махсус хизмати ходимлари ҳуқуқ химоячисига унинг компьютери, адабиётларни ва уйдаги тинтув вақтида мусодара қилинган бошқа ҳужжатларни ҳали қайтариб бермаган.

Москва ҳуқуқни химоя қилиш ташкилоти бўлмиш «Гражданское содействие» раҳбари Светлана Ганнушкина гапига кўра, Баҳром Ҳамроев қайси айблов бўйича ушлаб олингани унга номаълум бўлиб турибди.

– ФХХ ходимлари тинтув сабабларини тушунтиришмади. Улар фақат : «Нима учун «Хизб-ут-Тахрир»ни муҳофаза қилаяпсиз?» деб сўрашди. Бу вақтда бизнинг у билан бўлаётган телефон суҳбатимиз узилиб қолди. Ҳозирча у билан боғланиш борасидаги уринишлар ҳеч қандай натижа бермади, – деди 29 сентябр куни Светлана Ганнушкина.

Эслатиб ўтамиз, Баҳром Ҳамроев 1992 йилдан бери Россияда ҳуқуқни химоя қилиш билан шуғулланиб келмоқда. Сўнгги йилларда у кўпроқ Ислом радикализми ва диний талқиндаги бошқа айбловлар қўйилган шахсларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш билан шуғулланган. Бундан ташқари, Бахром Ҳамроев Россияда Марказий Осиё мамлакатларидан келган меҳнат муҳожирларининг муаммоларини ҳал қилишда иштирок этган.

XS
SM
MD
LG