Ссылки доступа

Қозоғистон журналистлар уюшмаси раиси ва унинг ўғли қамалди


Остонанинг Есил туман суди Акболат Курмантаев Қозоғистон журналистлар уюшмаси раиси ва миллий матбуот клуби раиси Сейткази Матаевни олти йилга қамоққа ҳукм қилди. Униг ўғли Асет Матаев, КазТАГ агентлиги бошлиғи, эса беш йилга ҳукм қилинди.

Матаевлар давлат томонидан ОАВ учун ажратилган бюджет маблағларини ўмаришда айбланган. Суд уларнинг мол-мулкини мусодара қилиб, давлат ва тижорат ташкилотларида лавозим эгаллашдан умрбод маҳрум қилди. Ҳукмга биноан, улар жазони умумий тартибли колонияда ўтайдилар.

Ҳукм ўқилишини залдагилар «Уят! Уят!» каби қичқириқлар билан кутиб олишган. Матаевларни залдан қўллари кишанланган холда қоровуллар кузатуви остида олиб чиқиб кетишган. Ҳукм ўқилишидан бир неча дақиқа олдин Сейткази Матаев суд жараёнини «спектакл» ва «фарс» деб айтган. У ўғлининг жасурлиги ва адвокатларнинг ёрдами учун миннатдорчилик билдирган.

– Менга ва ўғлимга ачиниш керак эмас. Биз ўзимизни айбсиз деб ҳисоблаганмиз ва ҳисоблаймиз. Мен Қозоғистонда ўзгача фикр юритиш бўлиши керак деб ҳар доим айтганман. Бусиз демократия ҳам бўлмайди. Мен ўзимни мухолифатчи деб ҳисобламаганман ва ҳисобламайман ҳам. Ҳар қандай вазиятда ҳам мен ҳақиқат тарафдори бўлганман, – деди Матаев тарафдорларига мурожаат қилиб.

Матаевни қўллаб судга ўнлаб журналистлар ва фуқаро фаоллари келишган. Ҳукм ўқилганидан сўнг Матаевларнинг адвокати Мадина Бакиева айтдики суд қарори адолатсиз бўлган ва унга қарши даъво аризаси ёзади. Бакиевага кўра, айбловларнинг асоссизлигини исботловчи хужжатлар суд материалларида мавжуд.

Сейткази ва Асет Матаевлар 2016 йил 22 февралда ҳибсга олинган эди.

XS
SM
MD
LG