Ссылки доступа

Ўзбекистонда тадбиркорларга «кенг эркинлик»ни ваъда қилишмоқда


Вақтинча Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 5 октябрда “Тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармонни имзолади.

Ҳужжатда айтилишича, кичик ва хусусий тадбиркорликнинг “кенг эркинлик”ларини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим ва барқарор йўналиши ҳамда давлат органларининг бирламчи вазифаси эканлиги таъкидлаб ўтилган

Ушбу фармон билан тадбиркорлик субъектларининг қарама-қарши текширилишининг барча турлари бекор қилинган. Шу билан бирга ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар етказилган зарарни ўз ихтиёрига кўра қоплаган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилиши эътироф этилган.

Шавкат Мирзиёев шунингдек йил охиригача фармонда кўрсатилишича “фуқаролар ва тадбиркорларнинг, энг аввало, давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, шунингдек, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга” қаратилган коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунни тайёрлаш борасида кўрсатма берди.

XS
SM
MD
LG