Ссылки доступа

Олмаоталик журналистга хужум қилишди


Олмаотада журналист Ирина Медниковага номаълум шахс хужум қилган. Бу ҳақда унинг ўзи Facebookдаги саҳифасида ёзган.

Бу воқеа 12 октябр, чоршанба кечқурун, журналист ўзи яшайдиган уй яқинида содир бўлган. Унга ташланган эркак киши «уни ерда судраб, тиззаларини қонатиб, машина устига отган ва сумкасини тортиб олиб қочиб қолган», деб ёзади Медникова.

"Қозоғистон ёшлар информацион хизмати" жамоат ташкилоти директори Медникованинг сўзларига қараганда, унинг сумкасида Атирау шаҳрида ўтказилиши кўзда тутилган медиа тадбирига бағишланган материаллар ва хужжатлар бўлган. Унинг фикрича, бу хужум унинг иши билан боғлиқ.

Олмаота полициясининг расмий вакили Салтанат Азирбекка кўра, Ирина Медниковага қилинган хужум юзасидан "талончилик" моддаси бўйича суриштирув ишлари бошланган.

Ирина Медникованинг мақолалари «Республика» мухолифат газетасида чоп этилади. Бу нашрнинг редакцияси ва журналистлари газета 2000 йилда очилганидан буён таъқиб остидалар. Газета Қозоғистон ҳукумати томонидан «экстремистик» деб эълон қилиниб унинг иши суд томонидан ман этилган.

XS
SM
MD
LG