Ссылки доступа

Тожикистонда 82-яшар аёл суд орқали ўғлидан алимент ундирди


Хатлон вилояти, Кубодиён туманида яшовчи 82-яшар аёл суддан ўзининг катта ўғлидан алимент ундириб беришларини талаб қилган. Суд унинг талабини қондирган, ва унга онасига ойига 70 сомонидан тўлаш мажбуриятини юклаган. Тожикистоннинг маъмурий қонунлари меҳнатга лаёқатли фарзандлардан ота-оналарига ғамҳўрлик қилишларини талаб қилади.

Беш йилдан бери зўрға харакатлана оладиган Сангин Мирзоеванинг гапларига қараганда, унинг не умидлар билан боққан катта ўғли унга моддий жиҳатдан ёрдам бермайди. Шунинг учун кекса аёл туман судига мурожаат қилиб, ўзининг ноқобил фарзандидан ойига 300 сомонидан ундириб беришини талаб қилган.

«Мен ногиронман, у эса мен ҳақимда қайғурмайди. Судга бир амаллаб келдим, ариза бердим. Улар бўлса менга 70 сомони миқдорида алимент ажратишди. Бу жуда ҳам кам. Кўпроқ ундириб беришлари керак эди. Ахир ўғлим ишлайди, унинг вояга етган болалари ҳам ишлашади. Уни боқиб, катта қилиб, уйлантириб қўйганимга раҳмат мана шу бўлди», - дея хўрсинади кекса аёл.

Сангин Мирзоева ёшлигидаёқ бева қолган. Олти фарзандни ўзи оёққа турғизиб катта қилган. Улардан иккитаси фуқаролар урушида халок бўлган. Ҳозирги кунда аёл кенжа ўғли билан яшайди. Турмуши бузилган иккита қизи ҳам уйга қайтиб келган ва бирга яшашяпти.

Бу иш юзасидан раислик қилган Кубодиён туман судяси Саидмаҳмуд Гулзоданинг айтишича, бу тумандаги иккинчи шундай холат. «Судга оталар ва оналар мурожаат қилишмоқда ва уларнинг талаблари қондирилмоқда. Сангин Мирзоева ҳам иккита фарзандлари унга ёрдам бермаётганлигини айтган, лекин у биттасидан шикоят қилиб келган ва унинг талаби қондирилди», - деди судя.

XS
SM
MD
LG