Ссылки доступа

Прагада АҚШ сайтларига хужумда гумон қилинган россиялик қўлга олинди


Прагада АҚШ сайтларига кибер-хужумларни уюштиришда гумон қилинган россиялик қўлга олинган. Бу ҳақда чех полицияси хабар берган. Россияликнинг исми айтилмаяпти, лекин уни Интерпол қидираётганлиги маълум.

Хабарда айтилишича, Чехия полициясининг тергов бўлими ходимлари АҚШнинг Федерал қидирув бошқармаси билан ҳамкорликда (ФБР) муваффақиятли операцияни амалга оширишди. Ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорни Париж шаҳар суди қабул қилган.

Россиялик Прага марказидаги ресторанлардан бирида қўлга олинган. Полиция ходимларининг пайдо бўлиши унинг учун шу даража кутилмаган воқеа бўлдики, у ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан хатто хушидан кетиб қолган. Унга тиббий ёрдам кўрсатилиб, касалхонага ётқизилган.

Энди, Чехия суди шубҳа остидаги россияликни АҚШга экстрадиция қилиш масаласини ҳал қилиши керак. Ҳозирча Россия расмийларидан ҳеч қанақа изоҳ бўлгани йўқ.

Октябр бошларида АҚШ ҳукумати Россияни президент сайловолди кампаниясида Демократик партиянинг сайтларига хакер хужумлари уюштирганликда расман айблаган эди. АҚШнинг аниқлик киритишича, бу ерда гап америкалик сиёсатчилар орасидаги электрон почта орқали ёзишмаларнинг DCLeaks ва WikiLeaks сайтларида чоп этиш ҳақида боряпти. Москва айбловларни инкор этган.

XS
SM
MD
LG