Ссылки доступа

Чехияда Россия тарғиботига қарши хизмат ташкил этилди


Чехия Ички ишлар вазирлиги Россиядан келадиган тарғибот ва чет давлатларни мамлакат аҳолиси фикрига таъсир қилишга урунишларига қарши бўлинма ташкил этди. Бу ҳақда вазир Милан Хованецга таянган холда Reuters хабар беради.

Янги муассасада 20 киши ишлайди. Улар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, ёлғон маълумотларга жавоб беради. Шунингдек улар мансабдор шахсларни ёлғонга қарши курашишни ўргатишади. "Биз ҳар бир смартфонга кириб олишни истаймиз", - дейди Хованец.

Москва Чехия вазири баёнотига ҳали изох бергани йўқ.

Сентябр ойида Чехия Ахборот хавфсизлиги (BIS) ўзининг йиллик ҳисоботида Россия мамлакатга қарши "ахборот урушини" олиб бораётганини эълон қилди. Чехия контрразведкасига кўра, Москва Европа Иттифоқи, Украина ва НАТОга доғ туширадиган маълумотлар тарқатиш билан шуғулланувчи агентлар ва гуруҳларнинг бутун тармоғини ташкил этди. Чехия ҳукумати фикрига кўра, бу тармоқдан мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш учун фойдаланиш мумкин.

2011 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Чехияда 30 мингга яқин русийзабон ахоли мавжуд. Мамлакатда рус тилида янглиликларни чоп этадиган ўнлаб сайтлар фаолият кўрсатмоқда.

XS
SM
MD
LG