Ссылки доступа

Ўзбекистонда пахта теришга мажбур қилган саккиз раҳбар жазоланди


Бу йилнинг пахта терим кампанияси якунларига кўра (19 сентябрдан 31 октябргача), ходимлар ва 18 ёшга тўлмаган болаларни пахта теришга мажбур қилишга уринган 3та ўрта мактаб директорлари, 2та коллеж директорлари, 2та фермер хўжалиги раҳбарлари ва битта поликлиника бош шифокорига нисбатан маъмурий чора кўрилди.

Меҳнат вазирлигига таянган холда маҳаллий ОАВларнинг хабар қилишларича, солинган жарималарнинг умумий миқдори 4,7 млн сўмга тенг. Меҳнат вазирлигига келиб тушган 30та шикоят бўйича меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқ бузилиш ҳолатлари текширилди, улардан 10та мурожаат юзасидан чоралар кўрилди, 7та мурожаат бўйича айбдорлар билан тушунтириш суҳбатлари олиб борилган, 13та холат бўйича ҳуқуқ бузилиш холатлари тасдиқланмаган.

Давлат меҳнат ҳуқуқи инспекцияси томонидан болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик устидан ҳам назорат ишлари олиб борилади. Бу иш юзасидан 14та ҳуқуқбузарлик холатлари аниқланган, жумладан 5та холатда меҳнат учун ҳақ вақтида тўланмаган ва 9та холатда ишга ёллаш ва иш шароитини таъминлаш тартибларига риоя қилинмаган. Булар юзасидан 2та поликлиника раҳбарларига, 1та коллеж директорига, 1та фермер хўжалиги бошлиғига, 1та маҳалла раисига ва 1та ташкилот раҳбарига мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик борасида огоҳлантириш берилди.

Ахоли саводхонлигини ошириш мақсадида Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва туманларида пахта теримига одамларни ихтиёрий равишда жалб қилиш борасида 500дан ортиқ баннер ва плакатлар тарқатилган. Бу йил, Халқаро меҳнат ташкилоти таклифига биноан, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик миллий мониторинги мустақил жамоат ташкилотлари томонидан ўтказилди.

XS
SM
MD
LG