Ссылки доступа

Умар Сафи: Руслар Тожикистонда "Толибон" танкларини таъмирлашяпти


Рус мутахассисларининг Тожикистон ҳудудида Толибон танклари ва оғир ҳарбий техникасини таъмирлаётгани ҳақида Қундуз провинциясининг собиқ ҳокими Умар Сафи хабар берган.

Унинг пуштун тилида эшиттириш олиб борувчи "Spogmai" радиосига берган интервюсида айтишича, "Толибон" харакати сўнги икки йил ичида бузилган ёки афғон ҳавфсизлик кучлари билан жангларда қўлга киритган танк ва оғир ҳарбий техникани Тожикистонга жўнатяпти, у ерда эса уларнинг таъмири билан россиялик мутахассислар шуғулланишяпти. Таъмирдан сўнг оғир ҳарбий техника Панж орқали Афғонистонга "Толибон" тасарруфига қайтяпти, деди Умар Сафи.

Қундузнинг собиқ ҳокимининг ишонч билан айтишича, ўтган йили Толибон айнан ташқаридан келган ёрдам туфайли Тожикистон билан чегарадош ушбу провинцияни икки марта босиб олишга муваффақ бўлган. Тожикистон Миллий ҳавфсизлик хизмати чегара қўшинлари бошқармаси матбуот котиби Мухаммаджон Улуғхўжаев бу маълумотни инкор этиб, ҳукумат бу масалани жиддий равишда ўрганиб чиқишини айтган.

Ўтган йилнинг охирида Афғонистоннинг ҳавфсизлик кучлари вакиллари “Франс-пресс”га Толибон билан бўлган афғон-тожик чегарасидаги жангларда катта миқдордаги Россияда ишлаб чиқарилган қуроллар қўлга олинганини айтишган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябр ойида Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов Москванинг "Толибон" харакати билан алоқалари борлигини «Анадолу» агентлигига айтиб тасдиқлаган эди. «Биз улар билан Россиянинг дипломатик ваколатхоналари ва Россия фуқароларининг ҳавфсизлиги масаласида алоқага чиқяпмиз. Бундан ташқари, алоқа каналлари орқали Толибонни келишувга ва урушни буткул тўхтатишга чақиряпмиз. Бу алоқаларнинг қайси даражада олиб борилиши эса ёпиқ мавзу», - деган Кабулов.

XS
SM
MD
LG