Ссылки доступа

Қозоғистондаги нефт корхонаси ишчилари очлик эълон қилишди


Қозоғистоннинг Мангистау вилоятидаги Techno Trading LTD нефт корхонасидан ўнлаб ишчилар меҳнат шароитларининг яхшиланишини талаб қилиб муддатсиз очлик акциясини бошлашди.

Очлик эълон қилганлар коллектив битимга қўшимча тўловларни кафолатловчи, ҳамда нефтни қайта ишлаш ва соғлиққа етказилган зарар учун тўловларни инобатга олувчи қўшимча келишув тузилишини талаб қилишяпти. Бундан ташқари улар ишдан бўшатилган ишчиларнинг ишга қайта тикланишини ва корхонадаги қувғинларни бас қилишни талаб қилишяпти. Уларнинг таъкидлашича, иш берувчи томонидан чиқариладиган қарор касаба уюшмаси билан келишилган бўлиши шарт.

Очлик акциясини ишчилар корхонанинг Мунайли туманининг Бирлик шаҳарчасида жойлашган офиси олдида ўтказишни режалаштирган эдилар, бироқ офис полиция томонидан ўраб олинганлиги туфайли улар акцияни касаба уюшмаси биносига кўчиришган. Очлик эълон қилиш ҳақидаги аризани ишчилар 23 декабрда топширишган. Ушбу акцияда ҳаммаси бўлиб 133 ишчи қатнашяпти.

Меҳнат шароитини яхшилаш, маошларни ошириш, йил чорагида бериладиган мукофот пулларини қайта жорий қилиш ва жамоадаги қувғинларни бас қилиш каби талаблар ўтган йили ҳам айтилган.

2014 йилда қабул қилинган касаба уюшмалар ҳақидаги қонун ишчиларнинг йиғинлар ва уюшмалар ташкил этиш борасидаги ҳуқуқларига сезиларли ўзгартишлар киритган. Ноябр ойида Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қозоғистонда ишчилар ҳуқуқларининг бузилиш холатларини танқид қилган.

XS
SM
MD
LG