Ссылки доступа

Тожикистонда муаммоли банклар омонатчилари ўз пулларини ола бошлашди


Ўтган йилнинг декабр ойида Тожикистон ҳукумати мамлакатнинг «Точиксодиротбанк», «Агроинвестбанк», «Фононбанк» ва «Точпромбанк»ларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва уларни банкротликдан сақлаб қолиш учун 3 млрд 850 млн сомонидан зиёд пул ажратган эди.

«Точиксодиротбанк» матбуот котиби Раҳмонали Шералиевнинг айтишича, ҳозирда омонатчилар банкоматлардан кунига 100 сомонидан ($12) олишлари мумкин, банкнинг савдо марказларида ўрнатилган POS-терминалларидан эса кунига 200 сомонигача харид учун тўлашлари мумкин.

Унинг сўзларига кўра, банк омонатчиларга пулларни қайтаришни 3 январдан бошлаган. «Омонатларни қайтариш миқдорини биз аста-секин 200 долларга етказамиз. Ҳукумат ёрдамидан сўнг бундай имконият пайдо бўлди ва биз ахолининг пулларини йил давомида қайтарамиз», - деб ишонтирди Шералиев. Шу билан бирга унинг таъкидлашича, банк ўзининг кўчмас мулкларини - турар жойлар, офислар ва транспорт воситаларини сотувга қўйган ва шу йўл билан у йирик омонатчилар билан ҳисоб-китоб қилишни режалаштирган.

«Агроинвестбанк» ходимларидан бирининг айтишича, уларнинг банкоматлари келаси ҳафтадан бошлаб ишга тушади, ҳозирча банк омонатчилар учун талон тизимини уюштирган бўлиб, унинг воситасида омонатчилар сешанба ва пайшанба кунлари 500 сомонигача пул олишлари мумкин.

Аввалроқ мамлакатнинг Молия вазирлиги тўрт муаммоли тижорат банкларини капитализация қилиш учун 3 млрд 850 млн сомонига тенг давлат қимматбаҳо қоғозларини чиқарганлигини эълон қилган- «Точиксодиротбанк» (2 млрд 250 млн сомони), «Агроинвестбанк» (1 млрд 70 млн сомони), «Точпромбанк» (450 млн сомони) ва «Фононбанк» (80 млн сомони).

XS
SM
MD
LG