Ссылки доступа

ҚР парламентида божхоначиларнинг хориждаги Янги йил таътилларини танқид қилишди


Божхона хизмати раҳбариятининг хорижда ўтказган Янги йил таътиллари парламент депутатлари танқидига учради. «Бир Бол» фракцияси раҳбари Алтинбек Сулайманов бу масалани аниқлаштириш юзасидан ишчи гуруҳи тузишни таклиф қилган.

Давлат Божхона хизмати (ДБХ) мулозимларининг Янги йил сафарлари ҳақида биринчи бор «Бир Бол» парламент фракцияси раҳбари Алтинбек Сулайманов сўз очди. У молия ва бюджет қўмитаси мажлисида Божхона хизмати раиси Азамат Сулаймановни ўзининг ходимлари янги йил дам олишини қандай ўтказганликлари ҳақида ахборот йўқлиги учун танқид қилган.

Депутатнинг айтишича, янги йилдан олдин идоранинг 230дан зиёд ходимлари таътилга чиққан. Унинг гапларига қараганда, ҳорижда дам олаётганликларини сездирмаслик учун божхоначилар Олмаота орқали учиб кетишга қарор қилишган. «Божхона хизмати раиси ўринбосаридан тортиб то бошқарма ва бўлим бошлиқларигача қатор мулозимлар янги йил байрамини хорижда ўтказишган. Бундай дам олишни яшириш учун улар "Манас"дан эмас Олмаота орқали учиб кетишган. Сиз ходимларингизнинг қаердалигини билишингиз керак. Бу хизмат ходимлари давлат аҳамиятига молик маълумотга эга. Тўловлар бўйича режа бажарилмаган, улар бўлса хорижга дам олиш учун учиб кетишяпти! Яна бизнес-классда. Бунақа бойликни улар қаерда орттиришди?», - дея сўради Алтинбек Сулайманов ва тизимдаги коррупция ва кадрлар масаласини ўрганиш учун ишчи гуруҳи тузишни таклиф этди.

Божхона хизматига кўра, 2016 йил 31 декабрида 232та ходим таътилда бўлган. Улардан ўнтадан кўп бўлмагани оилавий шароитлари туфайли хорижда бўлишган, деди ДБХ матбуот котиби Жаманак Мусурканов. Унинг айтишича, ходимлар давлат сирларини ошкор этмаслик тўғрисида огоҳлантирилган.

Божхоначиларнинг хориждаги янги йил таътиллари ҳақидаги маълумот мамлакат фуқароларининг давлат тузилмалари ишидан норозиликларига сабаб бўлди, деб ҳисоблайди ДБХнинг собиқ раиси Чолпонкул Арабаев. Унга кўра, бу холат бошқа мулозимларга дарс бўлиши учун барча зарур чоралар кўрилиши керак. «Албатта, улар ўз таътилларини ўзлари ҳоҳлаганларича ва ҳоҳлаган ерларида ўтказишлари мумкин, аммо давлат одами мамлакатдаги вазиятни инобатга олиши керак.Мамлакатдаги божхона ва солиқ органларидаги лавозимлар энг даромадли лавозимлар ҳисобланади. Парламент масалани тўғри қўйяпти, бу холат бошқалар учун дарс бўлиши керак», - деди у.

XS
SM
MD
LG