Ссылки доступа

Ўзбекистонда ҳайдовчи милиция биноси олдида ўзига ўт қўйди


Хоразм вилоятининг Хива туманида яшовчи 38 яшар Хурсанд Бобожонов 20 феврал куни ТИИБ биноси олдида ўзини ўзи ёқиб юборган. Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбанинг айтишича, ўзининг бу ҳаракати билан у машинасини ноқонуний тортиб олган Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати ходимларига норозилигини намойиш қилмоқчи бўлган. Хурсанд Бобожонов оғир даражадаги куйишлар билан касалхонага ётқизилган.

Бобожоновнинг қариндошларидан бирига кўра, Хурсанд милициянинг туман бўлимига ҳақиқат излаб борган. «Ўзига ўт қўйишидан икки кун олдин Йўл ҳаракат хавфсизлиги давлат хизмати ходимлари унинг машинасини ҳибсга олиб, жарима майдончасига олиб кетишган. Уларнинг ўртасида нима бўлганидан хабарим йўқ, аммо Хурсанднинг айтишича, ДАН ходимлари унинг машинасини ноқонуний олиб қўйишган. 20 феврал куни у бензин қуйилган баклажкани олиб ТИИБга борган. Унинг машинасини олиб қўйган милиционерлардан бирини кўчага чақирган. Уларнинг ўртасидаги суҳбат ўхшамаганидан кейин, Хурсанд дастлаб ўзига, сўнгра милиция ходими устига бензин қуйиб юборган. У гугуртни ёққанда милиционер унинг қўлидаги бензини бор баклажкани тушириб ташлаб, қочиб қолишга улгурган, бироқ гугуртдан чиққан аланга Хурсандга теккан ва у олов ичида қолган, – дейди унинг қариндоши.

Хоразм вилоят ИИБнинг ўзини таништирмаган ходими Бобожоновнинг ўзини ўзи ёқиб юборганини тасдиқлаган, аммо у милиция ходимини ҳам ёқиб юбормоқчи бўлганини инкор этган:

– Мен Хива ТИИБдан олган маълумотга кўра, йўл ҳаракат хавфсизлик хизмати ходимлари унинг машинасини тўхтатишган, чунки у рулни маст ҳолда бошқараётган бўлган. Кейин машинани жарима майдонига олиб кетишган. У нима учун ўзини ёқиб юборганини билмайман, эҳтимол инспекторларни қўрқитмоқчи бўлгандир. У милиционерлардан бирини ёқиб юбормоқчи бўлгани эса буткул ёлғон, – дейди Хоразм вилоят ИИБ вакили. Унинг айтишича, милиция ходимлари бир дақиқа ичида алангани ўчиришга муваффақ бўлишган ва уни касалхонага ётқизишган.

Шифокорлар Хурсанд Бобожоновнинг ҳолатини ўртача оғирликда деб баҳолашмоқда. «Танасининг 65-70 фойизи куйган. Аҳволи оғир. Биз барча зарур бўлган амалиётларни қиляпмиз», – дейди хоразмлик врач. 38 яшар ҳунарманд Хурсанд Бобожоновнинг ўзини ўзи ёқиб юбориши бўйича "ўзини ўлдиришгача олиб бориш" моддаси асосида жиноий иш очилган. Ушбу иш билан Хива туман прокуратураси шуғулланяпти.

XS
SM
MD
LG