Ссылки доступа

Трамп АҚШнинг ядровий қудратини оширмоқчи


АҚШ президенти Дональд Трамп давлат “дунёда энг яхши” бўлиши учун АҚШнинг ядро қудратини оширишни истаётганлигини баён қилди. 23 феврал, пайшанба куни, Reuters ахборот агентлигига берган интервьюсида Трамп АҚШнинг ядровий салоҳияти пасайиб кетганлигини таъкидлади.

СҲҚҚ-3 (СНВ-3) номини олган ва 10 йилга мўлжалланган Америка Қўшма Штатлари ва Россия ўртасидаги стратегик қуролларни қисқартириш тўғрисидаги янги шартнома келгуси йил февралида томонлар ўз стратегик ядро қуролларини қисқартиришини назарда тутади.

Трамп СҲҚҚ-3 (СНВ-3)ни бир томонлама битим деб атаган. «СҲҚҚ-3 (СНВ-3) бўладими, Эрон билан (ядровий) шартнома бўладими, бу мамлакатимиз тузган шунчаки навбатдаги ёмон битимдир...Биз яхши битимлар тузишни бошлаймиз», — деди Трамп.

Трамп илгари бир неча бор 2015 йил июлда тузилган дунёнинг қудратли давлатлари ва Эрон билан келишувни танқид қилганди. Бу келишув санкцияларни олиб ташлаш эвазига Теҳроннинг ядро дастурига чеклов қўйганди. Америка президенти 23 февралдаги интервьюсида Москва 1987 йилдаги Ўрта ва яқин узоқликдаги ракеталарни йўқ қилиш ҳақидаги шартномани бузиб, ўз ҳудудида ерда жойлаштириладиган қанотли ракеталарни жойлаштиришни бошлаганини ҳам эслатиб ўтди.

«Бу мен учун муҳим шартнома», — деди Трамп. У “агар бирор кун учрашадиган бўлсак”, Россия президенти Владимир Путин билан учрашув чоғида бу масалани муҳокама қилишни режалаштираётганини қўшиб қўйди.

XS
SM
MD
LG