Ссылки доступа

Мирзиëев ташрифи олдидан Жиззах кўчаларини мелиса босди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига 27 апрель куни сафари давомида президент борган ва бориш эҳтимоли бўлган ҳудудлар ички ишлар ходимларининг кучли назоратига олинди.

Маҳаллий матбуотга кўра¸ президент Зафаробод туманидаги "Чимқўрғон" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида қатнашди. Ушбу мажмуа нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ноёб саноат объектлардан бири бўлади, деб хабар қилинмоқда.

Жиззах шаҳрида яшовчилардан бирининг ёзишича, Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига сафари сабабли одамлар¸ ҳатто¸ уйларидан чиқа олмай қолган. “Бугун Жиззах шаҳрида ҳаёт тўрт соатга тўхтаб қолди, чунки бизга президент келди. Ҳамма жойда милиция ва МХХ”, деб ёзди у.

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида яшайдиган Исмоил исмли тадбиркор Мирзиёев вилоятдан кетмагунича тумандаги барча бозор, дўконлар тўлиқ ёпиқлигича қолганини айтди. “Лекин президент туман марказига келмади, у вертолётда Чимқўрғонга бориб қайтди”, - дейди Исмоил.

Форишликлардан бири Мирзиёевнинг келишини орзиқиб кутган форишликлар президент бу районни четлаб ўтганини эшитиб¸ кўнгли ўксиганини ëзади. “Фориш туманига ҳали бирорта президентнинг қадами етмаган. Шунинг учун ҳам туман ҳар томондан қолоқ бўлиб ётибди ва токи президент келмагунча қолоқ бўлиб ётаверади”, - деб ўйлайди туман аҳолиси.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида туғилган.

XS
SM
MD
LG