Ссылки доступа

Жаҳонгир Отажонов хонадонига ҳужум: "Эрк" президентликка номзодини илгари сурди (видео)


Инстаграм саҳифасидаги баёнотида Отажонов ўз уйига бостириб кирган оломон томонидан ҳақоратлангани ва тухумбўрон қилинганини айтган.

26 май куни мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси шу йил октябрида ўтадиган президентлик сайловларида собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов номзодини илгари сурди.

“Эрк” фаоли Абдусалом Эргашев Тошкентда бир гуруҳ ”маҳсус аёллар отряди” ҳужумига қарамай, Отажонов номзодини "партия бир овоздан тасдиқлагани"ни айтди.

“26 май куни соат 11.00 атрофида 20 чоғли эркак ва аёллар эркчилар учрашуви режаланган Отажоновнинг Тошкентдаги хонадонига бостириб кириб, бақир-чақир қилиб, йиғилишимизни бузмоқчи бўлди. Лекин бунгача Отажонов номзоди аллақачон тасдиқлаб бўлинган эди. Ҳозир расман эълон қилдик, Жаҳонгир Отажонов президентликка “Эрк” партиясидан номзод”, - деди Эргашев.

Инстаграм саҳифасидаги баёнотида Отажонов ўз уйига бостириб кирган оломон томонидан ҳақоратлангани ва тухумбўрон қилинганини айтган.

“Бугун “Эрк” партияси билан танишиш мақсадида маслаҳатли ишлар билан меҳмон чақирган эдим. Мана шунақа театр қўйиб кетишди”, - деди Отажонов Инстаграм-каналида.

Ўз баёнотига илова қилинган видеода йигирма чоғли одам уйда уни ўраб олиб, бақир-чақир қилаётгани акс этган.

Жаҳонгир Отажонов "ҳужумчи"лар "Кўзгу" блогери Абдуқодир Мўминовнинг фотоаппаратини синдиришганини айтди.

"Бирданига бостириб киришди. Бақир-чақир қилишди. "Кўзгу" блогери Абдуқодир Мўминов ҳам келганди, уни 1 ярим минг доллар турадиган фотоаппаратини синдиришди. Бўлиб ўтган ҳужум бўйича участка нозири ва ички ишларга шикоят қилдик. Менга ҳужумдан афсусланимадим, лекин халқни шу даражага тушиб қолганига афсусланаман", - дейди Отажонов.

“Эрк”фаоллари ҳужум ортида "амалдаги президент ва унинг куч ишлатар тузилмалари турибди", дея ҳисоблашларини таъкидлашди.

“ОБОНчилар ҳужуми биринчи марта бўлаётгани йўқ. Олдин Ҳидирназар Аллақулов партиясига ҳужум қилинди. Бу ҳужумлар энг тепадан берилган буйруқ бўйича қилиняпти, деб ўйлаймиз”, - деди “Эрк” фаоли Абдусалом Эргашев.

“Мени назаримда тепанинг рухсатисиз қилинмайди бунақа ҳужум. Бировни уйига бостириб кириш учун изн бор буларда”, - дейди партиянинг яна бир фаоли Бахтиёр Исабеков.

Ўзбекистон расмийлари мухолифат фаоллари дуч келаётган бу каби ҳужумлар юзасидан ҳозиргача сукут сақламоқда.

“Эрк” партияси фаолларига ҳужум Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ҳайъати Тошкентда бўлиб турган пайтда юз берди.

“ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиясига мурожаат қилиб, бўлиб ўтган воқеалар ва Жаҳонгир Отажонов “Эрк” партиясидан номзод экани ҳақида аризани топширдик”, - деб айтди Бахтиёр Исабеков.

“Эрк” партиясининг муҳожиротдаги раҳбари Муҳаммад Солиҳ Тошкентда ўз партиядошларига қилинган ҳужум ортида шахсан президент Мирзиёев турганига ишонишини айтди.

“Буни орқасида мутлақо президент Мирзиёев турибди. Бундай ҳолат президент рухсатисиз бўлмайди. Жаҳонгир Отажон ва партия фаолларига ҳужум қилган тўда Мирзиёевнинг тўдасидир. Лекин партия виртуал овоз бериш йўли билан номзодни тасдиқлади. Бизни номзодимиз Жаҳонгир Отажон”, - деди Муҳаммад Солиҳ.

Ўтган йил декабрида қўшиқчилик фаолиятини тугатишини эълон қилган 42 яшар Отажоновнинг шу йил январида Ўзбекистондаги президент сайловларида номзодини илгари суриши ҳақида қилган баёноти тармоқларда турлича қаршиланди.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигига мувофиқ, президентликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилади.

Отажонов ва бошқа фаолларнинг Ўзбекистон ичкарисида мухолиф партия тузишга уринишлари қаршиликка учради.

Шу ой бошида Отажонов янги партия тузиш фикридан воз кечгани ва Ўзбекистондаги илк мухолифат партияси бўлган “Эрк” фаолиятини қайта тиклашга бел боғлаганини айтган.

У бу фикрга шу йил мартида Истанбулда, муҳожиротдаги “Эрк” раҳбари, таниқли шоир Муҳаммад Солиҳ билан учрашув ортидан келган.

Шу йил 12 май куни Туркиядан Ўзбекистонга қайтган Отажонов Ўзбекистонда "қиладиган биринчи иши “Эрк” партияси фаолиятини жонлантириш" эканини айтган эди.

Жаҳонгир Отажонов: Мақсадим президент бўлиш, ортга йўл йўқ
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:06:40 0:00

Ўзбекистонда президент сайловларига 6 ойдан камроқ вақт қолаётган эса-да, ҳануз расман номзодларнинг кимлиги маълум эмас.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистондаги мавжуд ҳукуматпараст партияларнинг биронтаси ҳозирча президент сайловларида номзодини илгари сургани йўқ.

Муҳаммад Солиҳ “Эрк” партияси Ўзбекистонда расман рўйхатга олингани, президентликка номзодни илгари суриш учун ҳеч қанақа тўсиқ йўқлигини айтади.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўтган йил январида "Эрк" демократик партияси фаолларининг партия фаолиятига изн беришни сўраб қилган мурожаатини рад этган эди. 2020 йил 10 январида "Эрк" партияси фаолларидан бир гуруҳини қабул қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов, уларнинг Озодликка айтишича, "бу партия тарихда қолди" дея уқтиришга уринган.

"Эрк"чилар фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

XS
SM
MD
LG