Ссылки доступа

Коронавирус чекловлари ортидан Ўзбекистон паспорти Британия паспортига тенглашди


Одатда Сингапур паспорти билан 200 га яқин мамлакатга эркин саёҳат қилиш мумкин. Аммо коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар туфайли кўплаб қудратли паспорт ўз кучини йўқотди.

Ҳенли паспорт индексига (Henley Passport Index) кўра, чекловлар туфайли Сингапур паспорти Намибия, Беларусь, Қозоғистон ёки Малави паспортидан ҳам яроқсизроқ бўлиб қолган. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар бермоқда.

Назарий жиҳатдан, Сингапур паспорти билан 192 та давлатга визасиз саёҳат қилиш ёки етиб борганда виза олиш мумкин. Япония паспорти эса дунёдаги энг қудратли паспорт бўлиб, ушбу мамлакат фуқаролари 193 мамлакатга муаммосиз саёҳат қила олади.

Аммо коронавирус чекловларини ҳисобга олган ҳолда, Сингапур паспорти билан атиги 70 мамлакатга саёҳат қилиш мумкин. Яъни, Синпагур паспорти Доминикан Республикаси паспортига тенглашиб қолди.

Коронавирусга қарши эмлаш дастурлари муваффақиятли амалга оширилаётган мамлакатлар ҳам айни муаммога дучор бўлмоқда. Буюк Британия ва АҚШ паспортлар индексида 7-ўринни эгаллаган бўлиб, ушбу икки мамлакат фуқаролари назарий жиҳатдан 187 та мамлакатга эркин саёҳат қилиши мумкин.

Аммо жорий қилинган саёҳат чекловлари туфайли Буюк Британиянинг паспорт эгалари 60 дан кам мамлакатга эркин саёҳат қила олади. Яъни Буюк Британия паспорти Ўзбекистон паспортига тенглашиб қолди. АҚШ паспорти эса, ҳозир Руандага паспортидек қудратга эга.

Henley & Partners етакчиси Кристиан Каэлинга кўра, глобал ҳаракатчанлик «камида 2021 йил давомида жиддий чекланганича қолади".

XS
SM
MD
LG