Ссылки доступа

Қирғизистонда бугун МДҲ саммити бошланмоқда


МДҲ иштирокчи-давлатларининг юбилей бўлган 25-саммити Бишкекда ўз ишини бошлайди. ОАВ маълумотларига кўра, Қирғизистон бу тадбирга икки йил тайёргарлик кўрган ва 18 миллион сомга яқин маблағ сарфлаган. “Ола-Арча” Давлат резиденциясида ўтов кўринишидаги Қабул уйи қурилди.

Тадбирда Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон президентлари қатнашадилар. Молдова номидан бош вазир, Туркманистон номидан – бош вазир ўринбосари иштирок этади, Ўзбекистондан ТИВ раҳбари қатнашса, Украинадан – шу давлатнинг Қирғизистондаги элчиси иштирок этади.

Йиғин катнашчилари МДҲ ҳудудида иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишади. Хабар қилинишича, кун тартибига 15 та масала қўйилган. Кутилишича, терроризмга қарши 2017-2019 йилларга мўлжалланган кураш борасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилади.

ҚР президент аппаратининг раҳбари ўринбосари даражасидаги ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Сафар Исоқов хабар қилишича, аввал раҳбарларнинг тор форматдаги, сўнгра – кенгайтирилган форматдаги учрашуви бўлиб ўтади. Кейин МДҲ ижро қўмитасининг раҳбари Сергей Лебедев матбуот учун ҳабар тайёрлади.

ТАСС Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга ҳавола қилган ҳолда ёзадики, Россия президенти Владимир Путин Қирғизистон президенти Олмосбек Отамбоевга унинг 60-йиллиги муносабати билан “бир нечта совғалар инъом қилмоқчи, уларнинг биттаси – давлат даражасида бўлади”.

XS
SM
MD
LG