Ссылки доступа

Украина Қримда ўтказилган сайлов юзасидан жиноий иш қўзғади


Украина аннексия қилинган Қрим ҳудудида ўтказилган Россия парламентига сайловни мамлакатнинг ҳудудий яҳлитлиги ва даҳлсизлигига таҳдид дея баҳолаб жиноий иш очган.

Бундан аввал, Украинанинг Верховна Радаси Давлат Думасига бўлган сайловни ноқонуний деб баёнот қабул қилган эди. Бу ҳақдаги қарор лойиҳасини "Народный фронт" партияси душанба куни Украина парламентига киритган. Баёнот халқаро ҳамжамиятни Россиядаги сайлов борасида Украинанинг позициясига қўшилишга чақиради.

Куни кеча Украина Ташқи Ишлар Вазирлиги Қримдаги сайловни қоралаб баёнот тарқатган эди. "Суверен Украинанинг таркибий қисми бўлган ҳудудда" Россия Давлат Думасига сайлов учун овоз бериш участкалари ташкил этиш халқаро хуқуқнинг фундаментал норма ва тамойилларини қўпол равишда бузилишидир, дейилади баёнотда.

АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам ярим оролда ўтказилган Давлат Думасига сайловни тан олмаган.

Қрим Россия томонидан 2014 йили аннексия қилинган. Украина ва халқаро ҳамжамият Қримни Россияга қўшилишини тан олмаган ва бу ярим оролни Украина ҳудуди деб ҳисоблайди.

XS
SM
MD
LG