Ссылки доступа

Ўзбекистон фуқароси Саратовдаги ичида одамлари бўлган уйга ўт қўйганликда айбланмоқда


Саратов вилоят прокуратураси 28 яшар, аввал судланган, Ўзбекистон фуқароси бўлмиш Уйғун Боброевга нисбатан қўзғатилган жиноий ишнинг айблов хулосасини тасдиқлади. У икки кишини, шу жумладан ёш болани ўлдиришда, умумий хавфли бўлган йўл билан беш кишини қасддан ўлдирганликда ва шунингдек ўт қўйишда айбланмоқда.

Тергов тахминига кўра, 2015 йил 24 декабрининг кечасида Боброев ўзининг 20 яшар таниши бўлмиш Галина билан Марксовский райони Орловское қишлоғида жанжаллашганидан сўнг ичида айнан ўша вақтда ҳеч ким бўлмаган унинг хусусий уйига қасддан ўт қўйган. Шундан кейин у танишининг бувисига тегишли бўлган қўшни уйга ҳам ўт қўйган.

Ёнғин оқибатида 2012 йилда туғилган қиз бола ва руҳий касалликка чалинган 33 яшар эркак киши ҳалок бўлишган. Яна учта одам маҳаллий аҳоли ва ФВВ ходимлари томонидан қутқариб қолинган. Оловда ёниб кетган мол-мулкнинг қиймати бири 570 минг ва иккинчиси 689 минг рубл деб баҳоланган.

Айбланувчи ўз айбини қисман тан олди. Уни 8 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш, ёки умрбод қамоқ жазоси кутмоқда. Айблов хулосаси тасдиқланганидан кейин жиноий иш моҳиятига кўра кўриб чиқиш учун Саратов вилоят судига жўнатилган, деб хабар қилади ҳудудий прокуратура.

XS
SM
MD
LG