Ссылки доступа

Мухолифат Озарбайжондаги референдум натижаларини тан олмади


“Кутилгандек, 26 сентябрдаги референдум қалбакилаштиришлар билан ўтди”, - деди Озарбайжон Халқ Фронти Партияси (ОХФП) раҳбари Али Керимли.

“Озарбайжон халқи референдумни бойкот қилгани жуда яхши бўлди. Фақат бюджет ташкилотларидан тузилган “карусел гуруҳлар”гина, юзаки бўлса ҳам сайловчилар фаоллигини кўрсатиб туришди. Лекин бу етарли бўлмади ва ҳукумат оммавий тарзда овоз бериш варақаларини қутиларга тиқишни бошлади. Хаттоки сайлов участкаларига олдиндан тўлдирилган қутиларни ҳам олиб келишди. Биз буни кутган эдик. Референдум натижалари халқнинг ҳоҳиш ва иродасини ифодаламайди, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар қонуний эмас ва улар Озарбайжон халқи томонидан тан олинмайди”, - деди у.

Керимлининг айтишига қараганда, ОХФП қонунбузарлик ва қалбакилаштиришга қарши курашни давом эттиради. “Биз ҳойнаҳой майдонга яна қайтиб келамиз. Ҳозирда ҳукумат билан, халқаро ташкилотлар воситачилигида, бўлиб ўтадиган намойишларда полициячиларнинг аралашуви бўлмаслиги ҳақида музокаралар олиб борилмоқда. Бизнинг сўнги намойишимиздан олдин партиямизнинг 86 аъзоси ҳибсга олинди, намойишдан кейин эса яна юзлаб одамлар ҳибсга олинган. Ҳозирча биз рухсат берилмаган намойишлар ҳақида қарор қабул қилганимизча йўқ. Оддий ахоли қатнаша олиши учун биз рухсат берилган намойиш ўтказмоқчимиз», - деди у.

Ўз навбатида, «Мусават» партияси раҳбари Ариф Гаджылынинг айтишича, кузатувчилар, фуқаролар ва журналистларнинг маълумотларига кўра сайловда кворум бўлиши учун 25% сайловчилар қатнашмаган, деган хулосага келиш мумкин. «Референдум натижаларини халқнинг ҳоҳиш иродаси деб қабул қилиб бўлмайди. Сайлов кампанияси даврида тазйиқлар ўтказиш ва сиёсий қарашлар учун ҳибсга олиш холлари бўлиб турди. Мухолифатнинг ягона “Республика” ташвиқот гуруҳи референдумда омма билан иш олиб бориш учун Марказий Сайлов Комиссияси томонидан рўйхатга олинмаган», - деди у.

«Мусават» партияси референдум натижаларини бекор қилишни талаб қилади. «Биз Конституция рухсат берган барча усулларни қўллаб курашимизни давом эттирамиз: матбуот анжумани ўтказамиз ҳамда маҳаллий ва хорижий жамиятлар эътиборини бунга жалб қилишга ҳаракат қиламиз. Озарбайжон ҳукумати референдум ёрдамида ҳозирги иқтисодий ва сиёсий таназзулдан чиқишга уринмоқда, аммо, ўйлашимча, бундан баттар қилишади”, - деб якунлади у.

XS
SM
MD
LG