Ссылки доступа

Абдулазиз Комилов: Тошкент Душанбе билан алоқаларни "кўриб чиқишга" тайёр


Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон пайшанба, 29 сентябр куни Душанбега хизмат сафари билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.

Тожикистон президентининг матбуот котиби Абдулфаттох Шарифзодага кўра, Ўзбекистон ТИВи муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг оғзаки номасини Тожик ҳамкасбига етказди. Ўзбек дипломатининг айтишича, Мирзиёев икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга, мавжуд муаммоларни хал қилиш, ҳамда дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини қайта тиклашга ишонч билдирган.

Тожик президентининг матбуот котибига кўра, Абдулазиз Комилов Эмомали Раҳмон билан суҳбатдан сўнг журналистлар билан учрашди ва Тошкент Тожикистон билан иқтисодий ҳамкорликни қайта тиклашга, ҳамда темир йўл ва ҳаво орқали қатновларни ҳам тиклашга тайёр эканлигини айтган. Ўзбекистон ТИВ раҳбари сув ва энергетика ресурсларини ҳаққоний ва ўзаро манфаатли асосда хал қилишга умид билдирган, деди Абдулфаттох Шарифзода.

Экспертларнинг фикрича, Тошкент ва Душанбе ўртасидаги алоқалар яқин ойлар ичида яхшиланади. Баъзиларининг айтишича, сўнги йилларда биринчи марта, 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан гапирган Абдулазиз Комилов Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилиши ҳақида оғиз очмаган, ваҳоланки унинг нутқи Марказий Осиёдаги сув-энергетика муаммолари ҳақида бўлган.

Тожик эксперти Парвиз Муллажоновга кўра, Комиловнинг Эмомали Раҳмон билан учрашувидан сўнг, ҳойнаҳой Тожик-Ўзбек иқтисод ва савдо бўйича давлатлараро кимиссия ўз ишини бошлаб юборади ва томонлар виза режимини бекор қилиш ва чегара ҳудудларда савдони йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларни хал қилишга киришишади.

XS
SM
MD
LG