Ссылки доступа

Толиблар Афғонистоннинг Қундуз шаҳрига ҳужум қилишди, шаҳарда жанглар давом этмоқда


Афғонистоннинг Қундуз шаҳрида ҳукумат кучлари билан “Толибон” ҳаракати жангарилари ўртасида кескин жанглар бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилади France-Presse агентлиги. Маҳаллий полиция қўмондони Шира Али Камол гапларига қараганда, жангарилар бугун ярим кечаси бир нечта йўналишда шаҳарга кириб келишган.

Камол шаҳардаги жанглар давом этаётгани ва хавфсизлик кучлари жангариларни сиқиб чиқариш учун қўлидан келган барча имкониятларни ишга солишганларини қўшиб қўйди.

Бир йилча олдин Қундуз бир неча кун давомида “Толибон” назорати остида бўлган эди. Ўшанда БМТ маълумотларига кўра, жангларда 289 киши ҳалок бўлган ва юзлаб одамлар яраланган эди. Ўша вақтдан бери толиблар ана шу шаҳарга бир неча бор ҳуружлар уюштиришган.

Reuters ахборот агентлиги хабар беришича, шаҳар кўчаларида айни вақтда Калашников автоматлари, милтиқлар, пулемётлар ва гранатометлар билан қуролланган “Толибон” жангарилари кузатилган. Бўшаб қолган шаҳар осмони узра, хабар берилишича, шунингдек иккита Афғон ҳарбий вертолети ҳам учиб юрган.

Қундузгача бўлган ана шу ҳужумгача “Толибон” жангарилари мамлакатнинг бир қатор бошқа қисмларида ҳам ҳужумлар уюштиришган бўлиб, улар қаторида Гелманд вилояти ва унинг маъмурий маркази бўлмиш Лашкаргоҳ шаҳри ҳам бор.

XS
SM
MD
LG