Ссылки доступа

Тожикистон банкларни реформа қилиш учун 100 миллион доллар олади


Европа Қайта Қуриш ва Ривожланиш Банки (ЕҚҚРБ) Тожикистон банкларини реформа қилиш мақсадида 100 миллион долларлик кредит ажратишни режалаштирмоқда. Аммо, Тожикистон бу пулларни қатор шартларни бажаргандан кейингина олиши мумкин бўлади.

Кредит ҳозирги кунларда қийин аҳволда қолган Тожикистон банкларига ёрдам беришни кўзда тутади. Мамлакатдаги йирик банкларнинг молиявий аҳволи 2014 йилдан буён ёмонлашган. Халқаро Валюта Фонди ўзининг яқиндаги хисоботида айтишича эса Тожикистондаги иккита банк тўловларни амалга оширишга қодир эмас.

Гап «Точиксодиротбанк» ва «Точпромбанк» ҳақида. Мамлакат Миллий Банки бу иккала банкга май ойидан вақтинчалик раҳбарият тайинлаган. Яна бир йирик банк «Агроинвестбанк» ҳам оғир молиявий вазиятда. Мутахассислар фикрига кўра улардаги холат «таназзулга яқин» деб баҳоланиши мумкин.

Тожикистон ҳукумати банкларнинг таназзулга юз тутишига сабаб кредит берувчи ташкилотлардаги бошқарувнинг нотўғрилиги деб билади. Абдусалом Қурбониён, Тожикистон молия вазирининг яқинда айтишича, банк раҳбарлари маблағларни ақл билан ишлатиш ўрнига бинолар қуриш билан шуғулландилар, натижада ҳозирги кундаги йиғласа арзийдиган холат юзага келди.

Меҳнат муҳожирлари томонидан келадиган маблағларнинг камайиши ортидан тобора кучайиб борган таназзулга бошиданоқ ҳукумат халқаро ташкилотлар эътиборини Тожикистон банклари муаммоларига қаратишга уринган.

XS
SM
MD
LG