Ссылки доступа

Ўзбекистонда пахтага чиқмаган оилаларга озиқ-овқат сотиш чекланган


Фарғона вилоятининг Риштон туманида пахта теримига чиқмаган оилаларга давлат нарҳида ёғ сотилмаяпти. Теримда қатнашаётганларга эса озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар эркин бериляпти.

Риштонда яшовчилардан бирининг гапларига қараганда, туманда ўсимлик ёғини маҳалла оқсоқоллари аҳолига махсус рўйхат асосида тарқатади. «Риштон туманидаги дўконларда, пахта теримига чиқмаганларга озиқ-овқат маҳсулотлари чекланган тартибда сотиляпти. Оиланинг ҳар бир аъзосига атиги ярим литрдан ёғ сотиляпти», – дейди аҳоли.

Маълум бўлишича, Риштондаги тижорат дўконларидаги 4-литрлик идишдаги пахта ёғининг шу кундаги нарҳи 45 минг сўм. «Риштон матлуботсавдо» ташкилотига қарашли давлат дўконларида эса уни 32 минг сўмга олиш мумкин.

«Риштон матлуботсавдо»даги манба пахта ёғи маҳалла қўмиталари томонидан махсус рўйхат асосида берилиши ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. «5-6 та дўконларга ёғ етказиб берилган. Ҳозир 22 тонна тарқатиляпти. Ёғ пахта фондига ажратилган махсус фонддан келади", – деди у.

Айни пайтда, вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага ташрифи олдидан барча давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари пахта теримига жўнатилган.

XS
SM
MD
LG