Ссылки доступа

Рамзан Қодиров учинчи бор Чеченистон раҳбари бўлди


Чеченистон пойтахти Грознийда учинчи бор қайта сайланган республика раҳбари Рамзан Қодировнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Инаугурация санаси сиёсатчининг 40 ёшга тўлиши ва Шаҳар куни билан мос тушди.

"Оллоҳнинг иродаси билан мен Чеченистон Республикасининг тақдири ва аҳолисининг келажаги учун масъулиятни учинчи бор ўз зиммамга олаяпман. Оллоҳ номи билан айтаманки, бутун кучимни, билимларимни ва халққа хизмат қилиш тажрибамни адолат тантанаси ва мамлакатнинг гуллаб-яшнаши йўлида сарфлайман ", – деди Қодиров қасамёдни қабул қилар экан.

Қодиров ўзининг нутқида унинг отаси Аҳмад-Хўжа Қодиров худди шу куни, яъни 13 йил аввал 5 октябрда Чеченистон президенти бўлиб сайланганини эслаганида кўзидан ёш чиқиб кетди. Қодиров қасамёдни Чечен миллий кийимида ва папахада қабул қилди. У қасамёдни Чечен ва рус тилида ўқиди.

Маросим Чеченистон давлат филармонияси залида республика парламентининг йиғилиши вақтида бўлиб ўтди. 18 сентябрдаги сайловларда Қодиров “Ягона Россия” партиясининг номзоди сифатида овозларнинг 97,94 фоизини тўплади. Бунда Чеченистондаги сайловда қатнашиш фоизи 94,8 ни ташкил этди.

Қодировнинг танқидчилари ва Чеченистон ҳамда унинг ташқарисидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар республика раҳбари ва унинг жамоасини инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишида, шу жумладан одамларнинг ўғирланиши, қийноқлар ва қотилликда айбламоқдалар.

XS
SM
MD
LG