Ссылки доступа

Amnesty International: Қирғизистонда қизлар ҳуқуқи муҳофазаси яхшиланмоқда


Халқаро нодавлат ташкилот Қирғизистонда вояга етмаганлар билан никоҳ қилишни ман қилувчи қонун лойиҳасининг қабул қилинишини олқишлади. Ташкилот сайтида чоп этилган мақолада айтилишича, Қирғизистонда қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида олға силжиш бор.

Қирғизистон парламенти 5 октябрда ўсмир қизларни эрта ёшдан мажбурлаб турмушга беришдан ҳимоя қилувчи қонун лойиҳасини қабул қилган. Ташкилотга кўра, бу қонун лойиҳасини тайёрлашга Қирғизистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш харакати аъзолари сезиларли ҳисса қўшишган.

Қонун президент имзолаган дақиқадан бошлаб кучга киради. Унга кўра, 18 ёшга тўлмаганларнинг никоҳини уюштирганлар беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Қонун диний ходимларга ҳам, келин ва куёвнинг ота-онасига ҳам баробар тегишли.

Amnesty International га кўра, балоғатга етмаганларнинг турмуш қуришлари Қирғизистондаги жиддий муаммолардан бири. Ҳисоб-китобларга қараганда, мамлакатда 15% қизлар 18 ёшга кирмасдан, 1% эса 15 дан олдин турмушга чиқадилар. Тадқиқот натижаларига кўра, 35 ЕвроОсий мамлакатлари орасида Қирғизистон эрта турмуш қуриш бобида бешинчи ўринни эгаллайди.

XS
SM
MD
LG