Ссылки доступа

БМТ тожик адвокатлари устидан ўқилган ҳукмдан ҳавотирда


БМТ нинг Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари маркази 12 октябрда баёнот тарқатиб, Тожикистонлик адвокатлар Бузургмеҳр Ёров ва Нуриддин Маҳкамовлар устидан ўқилган ҳукмдан жиддий ҳавотирда эканлигини билдирган.

Баёнотда айтилишича, иккала адвокат Душанбеда бўлиб ўтган ёпиқ суд мажлисида қаллоблик қилиш, хужжатларни қалбакилаштириш, миллий, ирқий, диний ва маҳаллийчилик низоларини келтириб чиқариш, ҳамда экстремизмда айбдор деб топилиб, бири 23 йилга, иккинчиси эса 21 йилга қамоққа ҳукм этилган.

"Сипар" адвокатлар коллегиясининг раҳбари Бузургмеҳр Ёров 2015 йил сентябрда, Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси аъзоларини ҳимоя қилиш қўмитасини тузиш ва унинг ҳимоясидаги партия раисининг ўринбосарига нисбатан қийноқлар ишлатилиши мумкинлиги ҳақида гапирганидан сўнг, ҳибсга олинган эди. Ёровни ҳимоя қилмоқчи бўлган Нуриддин Маҳкамов эса, кейинроқ 2015 йил октябрда қўлга олинган. Ҳар иккаласига нисбатан бир хил айблов қўйилган. Бундан ташқари, уларга жазони ўтаб бўлгандан кейин беш йил мобайнида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ман этилган», - дейилади баёнотда.

Баёнот муаллифларига кўра, ҳукм ТИУП га ёрдам берганлари учун уларга нисбатан "жазо"нинг бир тури бўлиб, бу уларнинг профессионал фаолияти билан тўғридан-тўғри боғлиқ.

Иккала судланувчи ўзларига қўйилган айбларни инкор қилишиб, ишнинг қайта кўриб чиқилишига эришишларини айтишган.

XS
SM
MD
LG