Ссылки доступа

Қирғизистонда диний эътиқод туфайли майитни бошқа жойга кўмишди


Жалолобод вилоятининг Сари-Талаа қишлоғи ахолиси ва маҳаллий имомлар ҳамқишлоқлари Канигул Сатибалдиеванинг қариндошларига уни маҳаллий қабристонга дафн этишга рухсат бермадилар ва унга бошқа ердан жой топишни айтишди. Бунинг сабаби марҳума христиан-баптист бўлган экан.

76-яшар Канигул Сатибалдиева 13 октябр эрта тонгда ўлган. Ҳамқишлоқларининг майитни маҳаллий қабристонга кўмишига рухсат беришмагани боис унинг қизи Жилдиз Азаева ҳокимият ва махаллий кенгаш депутатларига мурожаат қилган. Марҳуманинг мусулмон қабристонига кўмилишига биринчи бўлиб туман имоми қарши чиққан ва 14 октябр куни одамларни тўплаб, Жилдиз Азаевадан исломни қабул қилишини талаб қилган. Ўша ернинг ўзида у аёлни жазолашга чақириқлар бўлиб, унга тошлар ҳам отилган.

- Улар мендан христианликдан чиқиб исломни қабул қилишимни талаб қилишди. Буни улар видеога олиб туришди. Мен онам учун рози бўлишга мажбур бўлдим. Мени том маънода мажбурлашди. Бу бошқалар учун сабоқ бўлишини ҳоҳлашди. Исломни қабул қилгач, онамни дафн қилишга рухсат беришадими ёки йўқми деб сўрадим. Сабаби майит икки кундан бери кўмилмаган ва ҳидлана бошлаган эди. Лекин йиғилганлар менга йўқ дейишди. Майитни ўзингнинг ҳовлинга кўм, дейишди. Душманимга ҳам раво кўрмайман бундай вазиятга тушишни», - деган Жилдиз.

Туман имоми Шумкар хожи Чиналиев ўз навбатида Жилдиз Азаеванинг устидан кулганлигини инкор этди. У ҳамқишлоғи билан шунчаки тушунтириш суҳбати ўтказганлигини айтган.

Маълум бўлишича, Канигул Сатибалдиевани кўмиш учун бошқа ердан жой топишган. Аммо бу билан ҳаммаси тугамади. Энди бу қабристон жойлашган Орукту қишлоғи ахли норозилик билдира бошлаган. Охир оқибат майитни кавлаб олиб, христианлар кўмилган бошқа қабристонга дафн этишди.

XS
SM
MD
LG