Ссылки доступа

АҚШ: Москванинг Алепподаги “пауза” тўғрисидаги қарори кечикди


Тинч аҳолига ва исёнчиларга Алеппони тарк этишга имкон яратиш учун у ердаги бомбардимонларни 8 соатга тўхтатиш борасидаги Россия режаси яхши ечим бўлиши мумкин эди, бироқ бу жуда кам, ва жуда кеч қилинган, деб маълум қилди АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Марк Тонер.

Бир кун аввал Россия Бош штабида 20 октябрда тинч аҳолини чиқариб олиш учун Алеппонинг бомбардимон қилинишларида “гуманитар пауза” ташкил этилишини эълон қилган эди. БМТ Алепподаги ҳарбий ҳаракатлардаги ҳар қандай паузани қўллаб-қувватлашини хабар қилган. Бироқ яна шу айтилганки, шаҳарга гуманитар ёрдамни етказиш учун ўт очишни камида 48 соатга тўхтатиш зарур бўлади.

Европа Иттифоқи тинч аҳолининг қирилиб кетишига сабаб бўлаётган ва Россия ҳамда Сурия ҳарбийлари томонидан амалга оширилаётган авиазарбаларни кескин қоралаб чиқди. Хабарномада айтилишича, кассетали бомбалар, бочкали бомбалар ва кимёвий қуролни қўллаган ҳолда касалхоналар, мактаблар ва шаҳар инфратузилмасининг бошқа объектларини нишонга олиб амалга оширилаётган мўлжалли бомбардимонларни “ҳарбий жиноятлар”га тенглаштириш мумкин.

Сўнгги ҳафталарда Сурия ҳукумат кучлари Россия қўллаб-қувватлаши остида исёнчилар назоратида бўлиб турган Алеппонинг шарқий қисмидаги ҳужумни фаоллаштирдилар. Доимий авиазарбалар ўнлаб қурбонларга сабаб бўлишга улгурди.

20 сентябрда Алеппода БМТ нинг гуманитар конвои ўққа тутилди. Камида 20 та одам ҳалок бўлди. Сурия мухолифати, АҚШ ва ЕИ ҳужумда Россияни айблашди. Москва бу айбловларни рад этмоқда.

XS
SM
MD
LG