Ссылки доступа

Қозоғистон Таълим вазирлиги мактабларда хижобни ман этди


Қозоғистон Таълим ва юстиция вазирликлари, диний ва фуқаро ишлари жамияти мактабларда хижоб кийиб юриш ман этилганлигини эълон қилишди, деб ҳабар беради Tengrinews.kz сайти.

«Диний либос, бош кийим (хижоб, қалпоқча) мумкин эмас ва аввал ҳам бунга рухсат бўлмаган», - деди таълим ва фан вазири ўринбосари Эльмира Суханбердиева брифингда.

Вазирликлар томонидан тайёрланган хабарда айтилишича, дунёвий мактабларда бу ёки бошқа динни тўғридан-тўғри ёҳуд кимлардир орқали ташвиқот қилиш мумкин эмас. Таълим вазирлиги эслатиб ўтадики, 2016 йил 14 январдан бошлаб барча мактабларда бир хил форма таъсис этилган ва бунга амал қилиш зарур.

Хабарда айтилишича, бундай кийиниш тартибига амал қилиш давлат тизимининг дунёвий ва тенглилик тамойиллари талабларига жавоб беради. Қонунда кўрсатилган нормалар барча дин ва миллат вакиллари учун ягонадир.

Илгари ота-оналар баъзи мактабларда формада кийиниш талаблари бузилаётганлигидан ҳавотирда эканликларини билдиришган эдилар. Гап ўқувчиларнинг хижоб кийишлари ҳақида бўлган.

XS
SM
MD
LG