Ссылки доступа

Москва суди 2014 йилдаги Майданни «давлат тўнтариши” деб тан олди


Москванинг Дорогомиловский суди Верховная Раданинг собиқ депутати Владимир Олейникнинг Украинадаги 2014 йилда бўлиб ўтган воқеаларни давлат тўнтариши деб тан олиш тўғрисидаги даъвосини қондирди. Суд ажримида айтилишича, ушбу ҳолат ишда тақдим этилган далил-исботларда ўз тасдиғини топган, деб хабар қилади Интерфакс.

Олейник Украина президенти Виктор Янукович парламентнинг ноқонуний қарори билан ўз лавозимидан олиб ташланганини қаттиқ туриб таъкидлаган, чунки унда кўрсатиб ўтилган сабаб мамлакат Конституциясида кўзда тутилмаган. Шундай қилиб, давлат раҳбарининг четлатилиши, шунингдек 2014 йил 25 майдаги муддатидан олдинги сайловларнинг белгиланиши ноқонуний ҳисобланади, деб маълум қилади Олейник.

Суд ажримига кўра, "ғарбий давлатларнинг бир томонлама қўллаб-қувватлаши натижасида” Киев Майданида “оммавий тартибсизликларга, маъмурий биноларнинг ишғол этилишига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўлдирилишига, қонунчиликдаги ўзгаришларга ва президент Виктор Януковичнинг Украина Констиутциясини бузган ҳолда ўз лавозими ва мажбуриятларини ижро этишдан четлаштирилишига олиб келган воқеалар содир бўлган ”.

Россиянинг расмий шахслари бир неча бор Украинада 2014 йил февралида бўлиб ўтган воқеаларни “тўнтариш” деб аташган. Шу билан бирга, Москва муддатидан олдинги президент сайловлари ва ундаги Петр Порошенко ғалабасини тан олган.

Ғарб мамлакатлари 2014 йил февралидаги воқеаларни тўнтариш деб ҳисоблашмайди ва бунда Виктор Янукович Киевни тарк этгани ва президент лавозимидан ўзини-ўзи четлаштирганига ишора қилишмоқда. Олейник даъвосини кўриб чиқиш 15 декабрда бошланган эди. Суд мажлисларида гувоҳ сифатида Виктор Янукович иштирок этди.

XS
SM
MD
LG