Ссылки доступа

Ўзбекистон "Қамчиқ" довони орқали юк ташишни тартибга солади


Ўзбекистоннинг автомобил ва сув транспорти агентлиги автотранспорт воситасида "Қамчиқ" довони орқали юк ташишни тартибга солиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлади, деб хабар беради маҳаллий ОАВлари.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 1 июлдан бошлаб фойдаланиш муддати 15 ва ундан ортиқ йил бўлган автотранспорт воситасида "Қамчиқ" довони орқали юк ташиш ман қилинган эди. Бунинг натижасида довон орқали шаҳарлараро юк ташувчи 10,5 мингдан ортиқ ва халқаро юк ташувчи 1,300дан зиёд транспорт воситалар қатнови тўхтатилган. Бу қарор натижасида автомобил хизматларининг ўртача 20 % га ўсишига олиб келди ва оқибатда Фарғона водийсига ва у ердан ташиб олиб келинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг нарҳлари сезиларли даражада қимматлаб кетди.

Мамлакатдаги мавжуд вазиятни ўрганиш шуни кўрсатдики, иқтисодий фаолият юритувчи субъектлар ўзларининг оғир молиявий аҳволи туфайли ўзларида мавжуд юк транспорти паркини янгилай олмадилар.

Шу билан бирга "Қамчиқ" довони орқали юк ташишни ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, йўл харакат ҳавфсизлиги одатда автотранспорт воситасининг фойдаланиш муддатига эмас, балки юк ташувчилар томонидан автотранспорт воситаларининг белгиланган юк хажмига амал қилишларига боғлиқ.

Автомобил транспорти соҳасидаги тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратиш ва юк ташувчилар томонидан келиб тушган кўплаб мурожаатларни инобатга олиб, 2017 йилдан бошлаб фойдаланиш муддати 25 йилгача бўлган юк машиналарига "Қамчиқ" довони орқали юк ташишга рухсат берилади.

XS
SM
MD
LG