Ссылки доступа

Ўзбек-туркман чегараси Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифидан олдин очилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига сафаридан икки кун олдин ўзбек-туркман чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳолининг уч кунга визасиз ўтиб-қайтиши қайта тикланди. Икки мамлакат ватандошларининг қисқа муддатга визасиз бориб келиш тартиби бундан тўрт йил муқаддам, Ўзбекистон мустақиллиги байрами арафасида ёпилган эди.

Маҳаллий аҳолига қўра, икки давлат орасидаги "Шовот" чегара пункти 25 январь куни очилган. “Ҳозир олдингидай ойига бир марта 3 кунга Туркманистонга бориб келиш мумкин. Бу президентимиз ташаббуси билан амалга оширилди, деб ўйлаймиз”, дейди Мустафо исмли суҳбатдош. Хоразм вилояти Шовот тумани ҳокимлигида бу ахборотни тасдиқлашди.

Туркманистонга чегарадош Шовот туманида истиқомат қиладиган ватандошлардан бирининг айтишича, чегарадан ўтиш учун тўланадиган 8 доллар ҳам бугун оддий халқ учун бироз оғирлик қилади.

Чегараолди ҳудудларида яшовчи ўзбек ва туркман фуқаролари 2004 йилда икки мамлакат ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, визасиз қўшни давлат ҳудудига уч кунга бориб-келиш ҳуқуқига эга эдилар. Кейинчалик ëпилган ўзбек-туркман чегараси тўрт йил давомида очилмади. Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлган туркман фуқаролари ёки Туркманистонга ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар ўз мамлакатлари пойтахтларида жойлашган элчихоналарга мурожаат қилиб виза олишга мажбур бўлишган.

XS
SM
MD
LG