Ссылки доступа

Қозоғистон жўнатган гуманитар ёрдам Сурияга етказилди


Қозоғистон Сурияга жўнатган 500 тонналик гуманитар юк Тартус портида сурия ҳукумати вакилларига топширилди, деб хабар беради ахборот агентликлари.

Агентликларнинг хабар қилишларича, Қозоғистоннинг гуманитар ёрдами Сурияга россия ҳарбийлари томонидан етказилган. Юкни кутиб олган Сурия ҳукумати вакилларининг айтишича, ун, гўшт консервалари, гуруч, макарон маҳсулотлари ва чой Алеппо, Латакия ва Тартус вилоятларига жўнатилади. Гуманитар ёрдамнинг тақсимланишини Сурия араб Қизил ярим ой жамияти назорат қилади.

Қозоғистондан 500 тонналик озиқ-овқат маҳсулотларини Сурияга жўнатиш ҳақида 23-24 январ кунлари Сурия можаросини ҳал қилиш бўйича Остонада ўтказилган музокаралар чоғида эълон қилинган эди. Россия, Эрон ва Туркия ташаббуси билан Сурия президенти Башар Асад вакиллари ва қатор мухолифат гуруҳларининг вакиллари ўртасида Остонада ўтказилган икки кунлик учрашув туб ўзгариш билан тугамаган.

Сурияда олти йилдан буён давом этаётган қонли фуқаролар уруши 400 мингга яқин одамнинг умрига завол бўлди, миллионлаб одамлар эса ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.

XS
SM
MD
LG