Ссылки доступа

Трамп: иммиграция қоидалари "мусулмонлар учун тақиқ" эмас


АҚШ президенти Дональд Трампнинг таъкидлашича, ахолисининг аксар қисми мусулмон бўлган етти мамлакат фуқароларининг АҚШга келишини вақтинча тақиқлаш ҳақидаги фармони тўғридир. Президентнинг айтишича, яқин уч ой ичида иммиграция назорати қоидалари ўрнатилгандан сўнг АҚШ бу етти мамлакат фуқароларига виза беришни қайта йўлга қўяди.

Трампнинг 29 январ кунги ушбу баёноти киритилган чекловлар АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг қатор шаҳарларида норозилик намойишларига сабаб бўлганидан сўнг эълон қилинган. Американинг қатор қонуншунослари ҳам намойишга чиққанлар позициясини қўллаб-қувватлайди.

«Америка иммигрантларнинг қадр-қимматини жойига қўядиган мамлакат ҳисобланади ва биз сиқувлардан қутулишга уринаётганларга раҳм-шафқат кўрсатишда давом этамиз, аммо биз ўз фуқароларимиз ва чегараларимизни ҳам ҳимоя қиламиз. Америка ҳамиша озод одамлар юрти ва мардлар ватани бўлган», — деди Трамп ўзининг ёзма баёнотида.

Трампнинг айтишича, киритлган чоралар «ОАВлар талқин қилганидек, мусулмонлар учун тақиқ эмас». Президентга кўра, қабул қилинган чораларнинг динга алоқаси йўқ ва улар мамлакат ҳавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Айни пайтда, унинг таъкидлашича, қабул қилинган фармон 40дан ортиқ мусулмон давлатларига тегишли эмас.

Оқ Уй аппарати раҳбари Райнс Прибус иммиграцион чекловларни қўллаб гапираркан, 28 январ куни АҚШ аэропортларида минглаб намойишчилар туфайли "тартибсизликлар" бўлгани ҳақидаги баёнотларни инкор этди.

XS
SM
MD
LG