Ссылки доступа

Қозоғистон Си Цзиньпин ташрифи доирасида Хитой билан битим тузди


Қозоғистон ва Хитой бир кун аввал қозоқ ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан музокаралар ўтказиш ва Шанхай Ҳамкорлиги Ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этиш учун Остонага келган Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг ташрифи доирасида бир неча битимларга имзо чекишди.

Хусусан, Қозоғистонга бевосита инвестицияларни амалга ошираётган хитой-қозоқ ишлаб чиқариш қувватлари ҳамкорлиги Фондининг айрим даромадларини солиқдан озод қилиш тўғрисидаги келишув имзоланди. Си Цзиньпин билан Остонада бўлиб ўтган учрашувда Назарбоев Остона 51 та ишлаб чиқариш корхоналарини Хитойдан Қозоғистонга кўчириб келиш бўйича ишларни давом эттираётганлигини маълум қилди.

Бугун Остонада имзоланган бошқа ҳужжатлар орасида – Хоргос дарёсида селга қарши мўлжалланган қўшма «Чуқурбулоқ (Алмалы)» дамбасини қуришдаги ҳамкорлик борасидаги ҳукуматлараро келишув; қўшма кино ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича келишув; Хитой томонидан Қозоғистон таълим ва фан вазирлигига суперкомпьютерни тақдим этиш лойиҳасидаги ҳамкорлик бўйича меморандум. Қозоғистон Молия вазирлиги ва Хитойнинг Давлат солиқ маъмурияти солиқ масалалари бўйича ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик борасида меморандум тузишди. «Қозоғистон» телерадиокорпорацияси ва Хитойнинг Марказий телевидениеси CCTV ҳамжиҳатлик тўғрисида меморандумга имзо қўйишди.

Бугуннинг ўзида Остонада Қозоғистон энергетика вазири Қанат Бозумбаев ва Хитой Миллий нефт газ корпорацияси (CNPC) нинг раҳбари бўлмиш Ван Илинь 7 июндаги Остонада бўлиб ўтган учрашув якунларига кўра уч йилга мўлжалланган ер бойликларидан фойдаланиш бўйича меморандумни имзолашди.

Расмий ахборот агентликлари маълум қилишига қараганда Си Цзиньпин, кутилаётганидек Остонадаги EXPO халқаро кўргазмасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади.

XS
SM
MD
LG