Ссылки доступа

Мирзиёев Атамбаевни Ўзбекистонга таклиф қилди


ШҲТнинг Остона саммити доирасида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашган Шавкат Мирзиёев икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масаласини кун тартибига киритди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг аxборот сиёсати бўлими xабар бермоқда.

Атамбаевнинг Самарқандга сафаридан сўнг соатларни солиштириб олиш яхши анъанага айланганлигини таъкидлади Ўзбекистон Президенти. «Бугунги соатларни солиштириб олиш шуни англатадики, бизнинг икки томонлама муносабатларимиз барча соҳаларда фаол ривожланмоқда. Товар алмашуви ҳажми сезиларли ортди, икки мамлакатнинг чегарабўйи вилоятлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда. Сиз билан қаерда учрашмайлик, илгарилаш учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилаяпмиз», - деди у.

Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбаевни Ўзбекистонга расмий сафар билан боришга таклиф қилди. У ўтган ярим йил иккала мамлакатда олға бориш учун яхши асос борлигини кўрсатганлигини таъкидлади. «Агар биз тадбиркорлик ҳамжамиятини бирлаштирсак, ҳақиқатан ҳам жиддий муваффақиятлар бўлади. Энг асосийси, биз ўртамизда чегара бўлмаслиги учун ҳамма ишни қилишимиз керак, бизнинг чегараларимиз очиқ бўлиши зарур», - деди Ўзбекистон Президенти.

Алмазбек Атамбаев таклиф учун ҳамкасбига миннатдорчилик изҳор қилди ва барча асосий соҳаларда қирғиз-ўзбек муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги фаол ишларга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунлари бўйича икки мамлакат раҳбарлари қирғиз-ўзбек давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича шартнома имзолашга оид масалаларни мувофиқлаштириш борасидаги ишларни тезлаштириш ҳақида тегишли идораларга топшириқ бердилар, дейилади матбуот хизматининг хабарида.

XS
SM
MD
LG