Ссылки доступа

Британия консерваторлари парламентдаги кўпчилик мақомни йўқотди


Буюк Британия консерватив партияси 8 июнь куни ўтказилган навбатдан ташқари парламент сайловида Жамоалар палатасидаги кўпчилик ўринларни бой берди.

Овозларни ҳисоблаш жараёни якунланганича йўқ, аммо торилар 318 дан 322 гача бўлган ўринларни олиш мумкинлиги аён, ваҳоланки, кўпчилик мақомни сақлаб қолиш учун 326 та ўрин зарур эди. Консерваторларнинг бош рақиби Лейбористлар партиясига камида 267 та мандат тегадиганга ўхшайди. Бу аввалги сайловларга қараганда 35 та ўринга кўп.

Сўл радикал қарашлари билан танилган Жереми Корбин бошчилигидаги бош мухолиф партиядан икки ҳафта илгари ҳам бу қадар омадни кутишмаганди. Корбин Мэйни истеъфога чақирди, аммо у бирмунча кўпчилик мақоми бош вазир лавозимидаги фаолиятини давом эттиришга имкон бериши билан жавоб қайтарди.

Тереза Мэйга Шимолий Ирландиянинг Демократик юнионистлар партияси ёрдам беради: улар Британия парламентида Шимолий Ирландия учун ажратилган 18 та ўриндан 10 тасини ишғол қилдилар. Шундай қилиб, ушбу партия консерваторларга Мэй маҳкамасига омонат, аммо кўпчилик ўринларни таъминлашга ёрдам беришлари мумкин. Юнионистлар консерваторлар билан музокараларга тайёрликларини билдиришди. Шунга қарамай, Мэйнинг истеъфоси ҳақида миш-мишлар ораламоқда.

Сайловолди кампанияси давомида консерваторлар Брюссел билан музокараларда қатъий йўлни тутиш ғоясини илгари сурди. Жереми Корбин бошчилигидаги Лейбористлар ЕИ билан эркин савдо ҳудудини сақлаб қолишга эришажакларини ваъда беришди. Либерал-демократлар эса брекзит бўйича янги референдум ўтказишни, Шотландия миллий партияси эса Шотландия мустақиллиги тўғрисида такрорий референдум ўтказишни таклиф этмоқда.

XS
SM
MD
LG