Ссылки доступа

Назарбоев: Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга қабул қилиниши “янги туртки” беради


Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари саммитининг очилиши маросимида сўзлаган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остонадаги ҳозирги учрашув “ташкилотнинг янги тарихи”ни очишини айтди.

Саммитда Ҳиндистон ва Покистоннинг қабул қилиниши жараёни якунланиши ва уларга ташкилотнинг тўлақонли қатнашчилари мақоми тақдим этилиши кутилмоқда. Маълумки, ҳозирда унга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

Назарбоев бу ШҲТ мамлакатлари раҳбарларининг олтилик шаклидаги сўнгги мажлиси эканлигини маълум қилди. Ҳиндистон ваа Покистон қиёфасида янги аъзоларнинг қабул қилиниши, Назарбоев сўзларига кўра, «ташкилотни ривожлантиришга янги, қудратли туртки беради ва унинг халқаро нуфузи ошишига кўмаклашади».

Қозоғистон президенти 16 йиллик фаолияти давомида ШҲТ “кўп қиррали ўзаро ҳамкорлик учун самарали майдон” бўлганлигини таъкидлади. Саммитнинг очилиши маросимида Назарбоев маърузасидан кейин ШҲТ давлатлари раҳбарларининг тор форматдаги мажлиси бошланди, ОАВ вакиллари залдан чиқариб юборилган.

Остонадаги саммитда халқаро террорчиликка қарши биргаликда кураш ҳақидаги баёнот ва экстремизмга қарши кураш борасида конвенциянинг имзоланиши кутилмоқда. ШҲТдаги раислик Қозоғистондан Хитойга ўтади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида ўтган йили президент лавозимига киришганидан бери биринчи бор иштирок этмоқда. Учрашувда Ҳиндистон ва Покистон бош вазирлари ҳам қатнашмоқда.

XS
SM
MD
LG